UZ RU
29.05.2014

Қонун ижодкорлигида ҳам қонунга риоя этиш шарт

Инсoн ҳуқуқ вa эркинликлaри, унинг қoнунийлигини тaъминлaш мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг туб мазмун-моҳиятини ташкил этади. Шу маънода қонун ижодкорлиги жараёнини такомиллаштириш фуқароларнинг орзу-интилишлари рўёбга чиқиши учун зарур шарт-шароит яратишга қаратилган ҳуқуқий асосларнинг янада мукаммаллашиши ва мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбари Ислом Каримов томонидан 2014 йил 14 майда тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳиятида ана шундай мақсад мужассам.

Мазкур қонунда норма ижодкорлиги жараёнини янада такомиллаштириш, бу борада халқаро ва миллий амалиётни ҳисобга олган ҳолда, самарали механизм яратиш ҳамда қонун ҳужжатларининг сифатини янада оширишга оид меъёрлар ўз ифодасини топган. Шу билан бирга, қонунчиликка бу борадаги фаолиятни амалга оширувчи органларнинг масъулиятини ошириш, қабул қилинган қонунлар ижро этилишини ташкил этишга оид қоидалар киритилган.

Янги қонун асосида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тўғрисида”, “Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган.

Маълумки, ҳуқуқни қўллаш амалиётида тегишли қонун ҳужжатининг кучга кириш вақтини аниқлаш муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 84-моддасида бу масалага эътибор қаратилган. Унга кўра, қонун Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенат томонидан маъқулланиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзолангач ва қонунда белгиланган тартибда расмий нашрларда эълон қилингач, юридик кучга эга бўлади. Бу қоида 2012 йил 24 декабрда янги таҳрирда қабул қилинган “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонунда ҳам ўз ифодасини топган. Қонуннинг 30-моддасига асосан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, агар ҳужжатларнинг ўзида кечроқ муддат кўрсатилган бўлмаса, улар расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Мазкур қоида янги қонун асосида “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонунларда акс эттирилган. Боиси ушбу қонунларда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар “имзоланган кундан бошлаб кучга кириши”га оид қоидалар белгиланган эди. Вазирлар Маҳкамасининг норматив тусдаги қарорлари “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами” ва “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами”да эълон қилиниши, зарур бўлган тақдирда бошқа оммавий ахборот воситалари орқали ҳам кенг омма эътиборига етказилиши қонунда мустаҳкамланди. “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида”ги қонуннинг 27-моддасига ҳам “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонун талаблари ҳамда мавжуд амалиётдан келиб чиқиб ўзгартишлар киритилган.

Қонун ижодкорлиги жараёнида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги нафақат қонун лойиҳаларини тайёрлаш, балки уларнинг Конституция ва қонунчиликка мувофиқлигини аниқлаш бўйича ҳуқуқий экспертиза ўтказади. Шунингдек, ҳавола қилувчи нормалар қўлланилишининг асослилигини аниқлайди. Қонунлар лойиҳаларида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тизимида коррупция, бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилиши учун шароит яратадиган, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари учун асоссиз харажатлар қилишга олиб келувчи ортиқча маъмурий ҳамда бошқа чекловларни жорий этадиган қоидалар бор-йўқлигини текширади. Бу жараёнда халқаро тажрибани ўрганиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Халқаро тажрибани ўрганиш борасида халқаро ҳужжатлар ва чет эл мамлакатлари қонун ҳужжатларини ўрганиш ва натижаси бўйича қиёсий жадвал тайёрлаш тартиби ўрнатилган.

Бундай талаблар янги қонун асосида “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги ҳамда “Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида”ги қонунларда ҳам акс эттирилган. Унга кўра, қонун лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритишда тақдим этиладиган материалларга халқаро ҳужжатларнинг ва чет эл мамлакатлари қонун ҳужжатларининг, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг тегишли қоидаларини, Ўзбекистон Республикаси шароитида тегишли халқаро тажриба қўлланилишининг мақбуллиги тўғрисидаги асосли таклифлар кетма-кет тартибда кўрсатилган таҳлилий-қиёсий жадвал ҳам киритилган.

Бу ўзгартиш ва қўшимчалар миллий қонунчиликнинг халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоида ва тамойилларига мос бўлишини таъминлайди.

“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонуннинг 27-моддасида вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг мансабдор шахслари давлат рўйхатидан ўтказилмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалга киритганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилиши белгиланган. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига “Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг давлат рўйхатидан ўтказилмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини амалга киритиш” деб нормаланган 1983-модда киритилган. Унга биноан, Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг мансабдор шахслари томонидан амалга киритиш – энг кам иш ҳақининг етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилгандан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса – энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Давлат рўйхатидан ўтказилмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар факти аниқланган тақдирда адлия органларининг мансабдор шахслари маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиб ва уни кўриб чиқиш учун судга юбориши мумкин. Бу фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, корхона ва муассасаларнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишда суднинг ролини янада оширади. Ўз навбатида, бу мансабдор шахсларнинг ушбу соҳадаги масъулиятини кучайтириб, қонуности ҳужжатларида инсон ҳуқуқ ва эркинликларига зид нормалар ўрнатилишининг олдини олади.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, қонунларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга, қонун устуворлиги, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат тузилмалари фаолиятида қонунийликни таъминлашга, норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида ягона давлат сиёсатини изчил амалга оширишга хизмат қилади.

Манба : uza.uz