UZ RU
19.06.2014

Тиббиёт ютуқлари – саломатлик омили

Пойтахтимизда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигида болаларда сил касаллигининг олдини олиш, бу борада жаҳон тиббиётида қўлланилаётган илғор услублардан фойдаланиш самарадорлигини оширишга бағишланган семинар-тренинг бўлди.

Тадбирда давлат ва халқаро ташкилотлар вакиллари, ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари ходимлари, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари мутахассислари иштирок этди.

Мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида тиббий-ижтимоий жабҳада амалга оширилаётган туб ислоҳотлар жараёнида юқумли касалликларнинг олдини олиш, тиббиётнинг барча соҳаларини, жумладан, фтизиатрия ва пульмонологияни изчил ривожлантириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 5 мартдаги “2011-2015 йилларда Ўзбекистон Республикасида сил касаллиги билан касалланишни камайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларда муҳим дастуруламал бўлаётир.

Мазкур қарорда белгиланган вазифалар ўз вақтида ҳаётга татбиқ этилиши натижасида тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базаси мустаҳкамланмоқда. Соҳада жаҳон тиббиётининг илғор услублари ва воситаларидан самарали фойдаланилаётир.

Барча касалликлар каби ушбу хасталикни ҳам даволагандан кўра олдини олган афзалдир. Бу борадаги вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида бирламчи тиббиёт масканларида анъанавий равишда чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ташкил этилмоқда. Мазкур жараёнда аҳоли, жумладан, фертиль ёшидаги аёллар, болалар ва ўсмирлар мунтазам равишда флюрография текширувидан ўтказилмоқда. Сил билан хасталанган беморларга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатиш ишлари ҳам самарали ташкил этилмоқда. Соҳада юксак технологиялардан оқилона фойдаланилиши натижасида бу хасталикка чалинган беморларни соғломлаштириш муддати саккиз-ўн ойдан икки ойгача қисқартирилди.

Семинар-тренингни ташкил этишдан кўзланган мақсад ушбу йўналишда илм-фан ва амалиётда эришилаётган илғор тажрибаларни оммалаштириш, касалликни самарали даволашнинг янги, замонавий услубларини яратиш, аҳолининг тиббий маданиятини янада юксалтиришга оид ишлар кўламини кенгайтиришдан иборат.

Тадбирда мамлакатимизда ва жаҳонда мазкур касалликнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар, тиббиёт тизимида эришилаётган натижалар ва истиқболдаги вазифалар, аҳолига бу йўналишда юксак технологиялар воситасида тиббий ёрдам кўрсатиш йўналишларига оид маърузалар тингланди, фикр алмашилди.

Манба : uza.uz