UZ RU
30.05.2014

Дилноза – танлов ғолиби

Самарқандда “Ҳамшира – 2014” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва ҳамширалар ассоциацияси томонидан бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда танловнинг қуйи босқичларида ғолиб бўлган ҳамширалар ўз маҳоратини намойиш этди.

– Аҳолига юқори малакали тиббий хизмат кўрсатишда ҳашираларнинг ўрни катта, – дейди Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бош мутахассиси Шаҳодат Ботирқулова. – Президентимиз раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида ўрта тиббиёт ходимлари тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда вилоят тиббиёт муассасаларида 26 мингдан зиёд ҳашира фаолият олиб бораётир. Ҳар йили анъанавий ўтказиб келинаётган мазкур танлов уларнинг касб кўникмасини ошириш, ўзаро тажриба алмашишлари учун кенг имконият яратмоқда.

Танлов қатнашчилари савол-жавоб, саҳна кўринишлари орқали тиббиёт соҳасига оид билим ва тажрибасини намойиш этди. Уларнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий билимларига ҳам баҳо берилди.

Иштихон тумани тиббиёт бирлашмаси ҳамшираси Дилноза Неъматова энг яхши ҳамшира деб топилди ва танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди.

Манба : uza.uz