Олий Мажлис Қонунчилик палатасида давлат бюджетининг ижроси кўриб чиқилди
20 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан таклиф этилган кун тартиби тасдиқланганидан кейин депутатлар Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2013 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботини кўриб чиқдилар. Ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – молия вазири Р.Азимов маъруза қилди.
Мамлакатимизнинг асосий молиявий ҳужжати ижроси устидан парламент назорати Қонунчилик палатасининг устувор вазифалари жумласига киради, шу сабабли у депутатлар корпусининг диққат марказида туради.
Қонунчилик палатасининг мажлисида таъкидландики, мамлакатимизнинг асосий молиявий ҳужжати 2013 йилда илгари Олий Мажлис томонидан тасдиқланган параметрларга мувофиқ, даромадлар харажатлардан оширилган ҳолда ижро этилди. Иқтисодий дастурнинг энг муҳим устуворликлари аниқ мақсадни кўзлаб ва тизимли амалга оширилиши натижасида жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози давом этаётганига қарамай, ўтган йилда Ўзбекистон иқтисодиётининг юқори суръатларда ўсиши, макроиқтисодий мувозанатлиликни сақлаш, модернизация ва диверсификация қилиш таъминланди. Мамлакатимизнинг ялпи ички маҳсулоти 8 фоизга, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 8,8 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулоти 6,8 фоизга, чакана товар айланиши 14,8 фоизга ўсди.
2011-2015 йилларда саноатнинг устувор соҳаларини ривожлантириш дастури ва ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилашга доир тармоқ дастурларининг изчил амалга оширилиши натижасида саноат таркибида юқори қўшимча қийматга эга бўлган рақобатдош маҳсулотлар тайёрланаётган қайта ишлаш тармоқларининг ўрни тобора ортиб бормоқда. Бугунги кунда ушбу тармоқлар мамлакатимиз саноат маҳсулотининг 78 фоиздан ортиғини ишлаб чиқармоқда.
Иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича минтақавий дастурларнинг амалга оширилиши натижасида 2013 йилда қарийб 970 минг киши иш билан таъминланди. Бундан 60 фоиздан ортиғи қишлоқ жойларида ишга жойлаштирилди. Шу жумладан, кичик корхоналар, микрофирмалар ва якка тартибдаги тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобига 480 мингдан ортиқ, касаначиликни кенгайтириш ҳисобидан эса 210 мингдан зиёд иш ўрни ташкил этилди.
Ўтган йили ҳукумат ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, мамлакатимиз аҳолисининг даромадлари ва турмуш даражасини муттасил ошириб бориш масалаларига катта эътибор қаратди. 2013 йилда халқимизнинг реал даромадлари 16 фоизга ошди, бюджет ташкилотлари ходимларининг ўртача ойлик иш ҳақи, пенсия, ижтимоий нафақа ва стипендиялар 20,8 фоизга кўпайди. 2013 йилда ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 58,7 фоизини ташкил этди. Таълим, соғлиқни сақлаш, фан, маданият, спорт, оммавий ахборот воситаларини сақлаб туриш ва ривожлантириш учун талай маблағлар йўналтирилди.
Даромадлар ва жамғармаларнинг ўсиши аҳолининг харид қилиш имкониятлари ошиб боришини таъминлади. 2000-2013 йилларда аҳолининг истеъмол харажатлари 9,5 баравар ошди. Энг муҳим истеъмол маҳсулотлари турлари сифат жиҳатидан ўзгарди. Бунда кейинги йилларда жон бошига тўғри келадиган энг муҳим озиқ-овқат товарлари бўйича истеъмол ҳажми муттасил ўсиб борди, айни вақтда ноозиқ-овқат маҳсулотларини харид қилиш ва хизматлар учун тўланадиган сарф-харажатлар миқдори сезиларли равишда кўпаймоқда. Масалан, мамлакатимизнинг мустақиллик йилларида гўшт истеъмоли – 1,4 бараварга, сут – 1,3 бараварга, сабзавот ва полиз маҳсулотлари – 2,6 бараварга, картошка – 2 бараварга, мевалар истеъмоли – 6,4 бараварга ошди.
Юртимизда узоқ муддат фойдаланишга мўлжалланган ноозиқ-овқат товарлар билан таъминлаш борасидаги аҳвол ҳам тубдан ўзгарди. Оилаларнинг замонавий маиший-техника, шу жумладан, холодильник, кондиционер, шахсий компьютер, телевизор, мобиль телефонлар билан таъминланганлик даражаси ошди. Айниқса, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган енгил автомобиллар билан аҳолининг таъминланиши эътиборлидир. Агар 2000 йилда ҳар 100 та оилага ўртача 20 та енгил автомобиль тўғри келган бўлса, бугунги кунда бу рақам 41,4 тага етди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2013 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни ҳар томонлама муҳокама қилиш жараёнида барча сиёсий партиялар фракцияларининг ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг вакиллари сўзга чиқдилар.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси депутатлари таъкидладиларки, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг роли тобора ошиб бораётганлиги мамлакатимиз иқтисодиёти таркибий тузилишидаги ижобий ўзгаришлардан далолатдир. Фақат ўтган йилнинг ўзида 26 мингдан зиёд кичик бизнес субъектлари ўз ишини очди, ушбу сектордаги ишлаб турган корхоналарнинг умумий сони йил охирига келиб 190 мингтани ташкил этди. Мазкур соҳада 2000 йилдаги 31 фоиз ўрнига ЯИМнинг 55,8 фоизга яқини ишлаб чиқарилмоқда. Ҳозирги вақтда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулоти бутун ҳажмининг 23 фоизи, бозор хизматларининг деярли бутун ҳажми, маҳсулот экспортининг 18 фоизи, иқтисодиёт тармоқларида банд бўлганларнинг 75 фоизи кичик бизнес улушига тўғри келмоқда.
Ўз маҳсулотининг экспортга етказиб берилишини кенгайтириш борасида кичик бизнес корхоналарига доимий эътибор қаратилаётганлиги ҳам партия электоратининг манфаатларига жавоб беради. Фақат «Ўзтадбиркорэкспорт» ихтисослаштирилган ташқи савдо компанияси томонидан кичик бизнес корхоналарининг 208,6 миллион АҚШ долларлик маҳсулоти экспорт қилиниши ташкил этилди. Буларнинг барчаси экспортнинг жадал ривожлантирилишини ва экспорт таркиби диверсификация қилинишини таъминлаш, маҳсулотни реализация қилиш учун янги ташқи бозорларни фаол ўзлаштириш имконини беради.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси номидан сўзга чиққанлар ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, мамлакатимиз аҳолисининг даромадлари ва турмуш даражасини муттасил ошириб бориш масалалари ўтган йили ҳукуматнинг диққат марказида бўлганлигини таъкидлаб ўтдилар. 2013 йилда фуқароларнинг иш ҳақи, пенсиялари, ижтимоий нафақалари ва стипендиялари ошди. Шу билан бирга, ЎзХДП вакиллари қайд этиб ўтдиларки, ҳисобот даврида айрим бюджет ташкилотларида маблағларни мақсадсиз сарфлашга, улардан қонунга хилоф равишда фойдаланиш билан боғлиқ бузилишларга йўл қўйилган. Айрим тармоқларда тўлов интизомига риоя этилмаяпти, натижада дебиторлик ва кредиторлик қарздорликлари ўсиб бормоқда. Шу муносабат билан депутатлар бюджет маблағлари самарали ва мақсадли сарфланишини таъминлаш, бюджет ташкилотларида молия интизомига риоя этилишини, шунингдек, Бюджет кодекси талабларининг бажарилиши устидан назорат янада кучайтирилишини таъминлаш учун тегишли вазирликлар ва идораларнинг, ҳокимликларнинг масъулиятини ошириш юзасидан амалий таклифлар киритдилар.
Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзолари тақдим этилган материаллар таҳлили Давлат бюджетининг даромад қисми барча солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича бажарилганлигини тасдиқлашини таъкидлаб ўтдилар. Жумладан, ҳисобот йилида қўшилган қиймат солиғи бўйича даромадларда тушумларнинг 74,1 фоизи бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматларга тўғри келади, бу мамлакатимиз истеъмол бозори аниқ мақсадни кўзлаб ҳимоя қилинаётганидан, у сифатли ва харидоргир товарлар билан тўлдирилаётганидан далолат беради. Ҳукуматнинг бу йўналишдаги фаолияти партиянинг устувор вазифаларига тўла мос келади.
«Миллий тикланиш» демократик партияси вакиллари, шунингдек, эътиборни жойларда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этиш ва яратилган афзалликлардан самарали фойдаланиш, мавжуд имкониятлар ва резервлардан маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари томонидан тўла фойдаланиш асосида маҳаллий бюджетларнинг даромад қисми мустаҳкамланишини, бюджетлараро муносабатлар янада такомиллаштирилишини таъминлаш зарурлигига қаратдилар. Нотиқлар иқтисодий муҳитни бозор талаблари даражасида ташкил этишга, ҳудудларнинг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан оқилона фойдаланишга, қишлоқларда маҳаллий хомашёни, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришнинг муҳим таркибий қисми бўлган томорқа ва деҳқон хўжаликларида хизматлар тизимини йўлга қўйиш ва ривожлантириш соҳасида юқори технологияли кичик саноат базасини ривожлантиришга алоҳида эътибор бердилар.
Ўзбекистон «Адолат» социал демократик партияси фракцияси аъзоларининг фикрича, 2013 йилда иқтисодий дастурларни тизимли ижро этиш якунлари бўйича макроиқтисодий мувозанат сақланди, шунингдек, мамлакат иқтисодиётини модернизация ва диверсификация қилиш ишлари таъминланди. Улар алоҳида таъкидладиларки, ҳисобот даврида Вазирлар Маҳкамаси илм-фанни ривожлантиришга катта эътибор қаратди, бу эса партиянинг дастурий вазифаларига тўла мосдир. Хусусан, 2013 йилда илм-фанни ривожлантиришга 164,7 миллиард сўм ажратилди, бундан 100,1 миллиард илмий-техника дастурларини молиялаштиришга, 17,3 миллиард инновация лойиҳаларини молиялаштиришга, 37 миллиард сўм фанни ривожлантиришга хизмат қиладиган ноёб объектлар ва муассасаларни муҳофаза қилишга йўналтирилди. «Адолат» социал демократик партияси вакиллари иқтисодиётни инновацион ривожлантириш ва мамлакатимизнинг илмий-техника салоҳиятини ошириш тарафдори эканликларини билдирдилар.
Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи аъзолари таъкидладиларки, мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва аҳоли соғлиғини сақлаш давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан биридир. Мустақилликка эришилган пайтдан эътиборан мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш тизимини такомиллаштириш бўйича қабул қилинаётган қарорлар самарадорлигини ошириб борган ҳолда аниқ мақсадли ишлар олиб борилмоқда. Ўзбекистон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги асосий халқаро конвенциялар, шартномалар ва битимларга қўшилган.
Экологик муаммоларни бартараф этиш ва олдини олиш бўйича самарали чора-тадбирларни рўёбга чиқариш мақсадида атроф-муҳит ва табиий ресурслардан фойдаланиш ҳолатини комплекс баҳолаш амалга оширилмоқда. 2013 йилда ушбу соҳага Давлат бюджетидан 122,8 миллиард сўм ажратилди, бу 2012 йилдаги кўрсаткичдан 1,47 баравар кўпдир. Қишлоқ аҳоли пунктларини ичимлик суви билан таъминлашни яхшилашга Давлат бюджетидан 177 миллиард сўм йўналтирилди, бу 2012 йил кўрсаткичидан 1,61 баравар юқоридир. Аҳоли пунктларини ободонлаштириш харажатлари 526,9 миллиард сўмни ташкил этди, бу олдинги йилдагидан 1,88 баравар кўпдир.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокама жараёнида билдирилган фикр ва мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2013 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлади ва тегишли қарор қабул қилди.
Куннинг иккинчи ярмида депутатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2014 йил 1-чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқдилар. Ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг ўринбосари М.Мирзаев маъруза қилди.
Таъкидландики, Давлат бюджети 2014 йилнинг 1-чорагида ҳам мамлакатимизнинг Бюджет кодекси асосида аввал Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан тасдиқланган параметрларга мувофиқ, профицит билан ижро этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан белгилаб берилган энг муҳим устуворликлар ва вазифаларнинг амалга оширилиши 2014 йилнинг биринчи чорагида ҳам мамлакат иқтисодиёти ўсишининг ижобий динамикаси сақланишини таъминлади. Жорий йилнинг уч ойида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 7,5 фоизни ташкил этди, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмлари – 8,9 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш – 6,2 фоизга, чакана савдо айланмаси – 14,3 фоизга ўсди.
Иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини амалга ошириш доирасида жорий йилнинг биринчи чорагида 227,9 мингта иш ўрни, шу жумладан, қишлоқ жойларида 137 мингтадан зиёд иш ўрни яратилди. «Соғлом бола йили» Давлат дастурида белгиланган жисмонан соғлом, маънавий етук, баркамол авлодни тарбиялашга доир чора-тадбирларни фаоллик билан амалга ошириш бошланди. Ана шу мақсадлар учун жорий йилнинг биринчи чорагида барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан бир триллион сўмга яқин маблағ йўналтирилди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2014 йил 1-чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни ҳар томонлама муҳокама қилиш жараёнида барча сиёсий партиялар фракцияларининг ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг вакиллари сўзга чиқдилар. Улар мамлакатимизнинг жорий йилги асосий молиявий ҳужжати параметрлари барча давлат ва хўжалик органлари томонидан аниқ ижро этилиши зарурлигини алоҳида қайд этдилар.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2014 йил 1-чоракдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлади ва тегишли қарор қабул қилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Ахборот Маркази
Манба : uza.uz