Танлов: БИЛИМ, ТАЖРИБА, ЭЗГУЛИК тиббиёт муассасалари ҳамшираларининг фаолият мезонидир
Юртимизда соғлиқни сақлаш тизимини модернизациялаш, тиббиётнинг барча йўналишида замонавий технологиялардан оқилона фойдаланиш, бирламчи тиббий-профилактика хизматини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Эътироф этиш лозимки, соҳани ислоҳ қилишни чуқурлаштириш ва уни ривожлантиришга қаратилган давлат дастурлари ҳамда лойиҳаларини муваффақиятли амалга оширишда малакали шифокорлар билан бирга, ҳамширалар ҳам фаол иштирок этмоқда.
Чунончи, ҳозирги пайтда республикамиз бўйича 310 мингдан зиёд ўрта тиббиёт ходимлари фаолият юритаяпти. Уларнинг кўпчилиги оилавий поликлиника ва қишлоқ врачлик пунктларида бевосита тиббий-профилактика ишлари билан банд бўлиб, патронаж ҳамшираси сифатида тиббий хизматни бевосита хонадонларга олиб кираётганлиги қувонарлидир.
Эътиборлиси, мустақиллик йилларида соҳанинг ушбу бўғинини юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш борасида ибратли қадамлар қўйилди. Хусусан, 1999 йилдан бошлаб Тошкент тиббиёт академияси ва олий тиббий таълим муассасаларида “Олий ҳамширалик иши” бўлимлари очилганлиги бунга ёрқин мисолдир.
Шунингдек, ўрта тиббиёт ходимлари учун узлуксиз малака ошириш тизими яратилганлиги уларнинг соҳадаги амалий ва технологик янгиланишларни ¬мукаммал ўзлаштириб олишлари ҳамда касбий маҳоратларини юксалтиришларида муҳим омил бўлмоқда.
— Айни чоғда ҳамшираларни оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш лойиҳаси бўйича малака ошириш ўқувлари ташкил этилганлиги эса ёш авлодни баркамол қилиб тарбиялашда ҳамшираларнинг алоҳида ўрни борлигидан далолатдир, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош мутахассиси Рихси Солихўжаева. — Ҳозирги кунда уч мингга яқин олий маълумотли бакалавр ҳамда магистр даражасига эга бўлган 70 дан зиёд ҳамширалар тиббиёт муассасаларида намунали фаолият юритаётгани барчамизни қувонтиради.
Мана, бир неча йилдирки, мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида меҳнат қилаётган ёш ҳамшираларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим ва маҳоратини янада оширишга кўмаклашиш учун шароит яратиш мақсадида “Ҳамшира” кўрик-танлови ўтказиб келинаётир. Ўз навбатида, мазкур танлов уларнинг маънавий жиҳатдан камол топиши, халқимизга сидқидилдан хизмат қилиши, тиббий хизмат кўрсатиш маданиятини янада юксалтириши ҳамда ҳамширалик ишининг замон талаблари даражасига кўтарилишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Кеча Гулистон шаҳрида бўлиб ўтган анъанавий “Ҳамшира — 2014” республика кўрик-танловида ҳам ўрта тиббиёт ходимларининг ана шундай шарафли меҳнатлари юксак баҳо¬ланди. Унда танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқич-ларида ғолибликни қўлга киритган 14 нафар ҳамшира қатнашди.
Тадбирда сўзга чиққанлар ўзбек ҳамшира қизларининг маданияти, беморларга муносабати, ўз соҳасини чуқур ўрганаётгани, хорижий тажрибалар ва тилларни пухта эгаллаётгани ҳақида сўз юритдилар. Бу борада, айниқса, қишлоқ жойларида меҳнат қилаётган ҳамшираларнинг билим ва салоҳиятини юксалтириш, уларнинг хонадонларга кириб тиббий маданиятни ошириш борасидаги тарғибот ишларини олиб боришларида ¬нималарга эътибор қаратиши, замонавий руҳда ишлаши борасида тўхталдилар.
Танлов шартларига кўра, иштирокчилар қабул бўлимига олиб келинган беморга биринчи малакали тиббий ёрдам кўрсатиш, унинг аҳволини таҳлил қилиб бориш, муолажа вақтида дори-дармонлар, тиббий асбоб-ускуналарни қўллаш, шунингдек, муомала ва касб маданияти бўйича билим ҳамда малакаларини синовдан ўтказдилар.
“Ҳамшира — 2014” танловининг Соғлом бола йилига бағишланган назарий қисмида ҳамширалар ўзлари яшаб ва ишлаб турган ҳудуд ҳамда муассасани акс эттирувчи кўргазмалар, адабий-мусиқий композициялар воситасида таништирув, тиббиёт, ижтимоий-сиёсий мавзуларга оид савол-жавоблар каби шартлар бўйича ўзаро беллашдилар.
Якуний натижаларга кўра, Сирдарё вилояти тери-таносил касал-ликлари шифохонаси ҳамшираси Соҳиба Раим¬жонова биринчи, Наманган вилоятининг Уйчи тумани тиббиёт бирлашмаси ҳамшираси Умида Обидова иккинчи, Тошкент шаҳар Ҳамза туманидаги 27-оилавий поликлиника ҳамшираси Нилуфар Нуриддинова учинчи ўринга лойиқ, деб топилди.
— Ушбу танлов касбимга бўлган меҳримни янада оширди, — дейди танлов ғолиби Соҳиба Раим¬жонова. — Албатта, бу юксак эътирофга Ватанимизда биз, ёшларга яратилган қулай имкониятлар, давлатимиз томонидан кўрсатилаётган юксак эътибор туфайли эришдим. Келгусида олий ¬маълумотли мутахассис бўлиб, янада масъулият билан халқимизга хизмат қилишни ният қилганман.
Якунда танлов ғолиблари қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ