UZ RU
15.05.2014

«Саломатлик – 2020» стратегияси ва Ўзбекистон тажрибаси

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси томонидан инсон саломатлиги ва бўлажак насллар камолотига салбий таъсир этаётган тиббий-ижтимоий, иқтисодий, экологик муаммоларнинг олдини олишга йўналтирилган «Саломатлик – 2020» стратегияси ишлаб чиқилган.

Пойтахтимизда ушбу стратегияда кўзда тутилган мақсадларга эришишда Ўзбекистон тажрибасига бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтди. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда давлат, жамоат ва халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар, миллий ва хорижий экспертлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Л.Тўйчиев, Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси бошлиғи А.Хаммерих ва бошқалар инсон манфаатларини муҳофазалаш, замонавий технологияларга асосланган тиббий ёрдамни аҳолининг барча қатламига етказиш, соғлом ва фаровон турмуш кечириши учун қулай шароит яратиш Президент Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири эканини алоҳида таъкидлади.

«Соғлом бола йили» Давлат дастури доирасида бу йўналишдаги ишлар кўлами янада кенгаймоқда.

Мамлакатимизда «Соғлом она – соғлом бола» ғоясини ўзида мужассам этган миллий дастур ҳаётга муваффақиятли татбиқ этилмоқда. Тиббиёт муассасаларини модернизациялаш, жаҳон илм-фани янгиликларини амалиётга кенг жорий этиш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда соғлиқни сақлаш тузилмалари билан бир қаторда кўплаб давлат ва жамоат ташкилотлари ҳам фаол иш олиб бораётир.

Ана шу жараёнда аҳоли муносиб ҳаёт кечириши учун қулай ижтимоий-иқтисодий инфратузилмаларни яратиш ҳам доимий эътиборда. Хусусан, барча соҳаларда меҳнат шароитини замонавийлаштириш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, экологик муҳитни барқарорлаштириш, қишлоқ жойларда барча қулайликларга эга намунавий уйлар барпо этиш, хонадонларда санитария-гигиена шароитларини яхшилаш билан боғлиқ кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Бунинг натижасида халқимизнинг ўртача умр кўриш кўрсаткичини узайтириш, оналар ва болалар ўлимини камайтириш, санитария-эпидемиология муҳитини барқарор сақлаш, касалликларнинг олдини олиш ва самарали даволашга эришилмоқда. Тиббий-ижтимоий соҳада эришилаётган бундай ютуқлар халқаро миқёсда ҳам муносиб эътироф этилмоқда.

– Ўзбекистон инсон саломатлиги ва камолотига йўналтирилган сармоя ва эътиборни доимий ошириб бораётган давлатлардан биридир, – деди Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий бюроси вакили, доктор Агис Цоурос. – Юртингизда касалликларнинг олдини олиш, тиббий-ижтимоий барқарорликни таъминлаш, оналик, болаликни муҳофазалаш борасида ўзига хос тажриба орттирилган. «Саломатлик – 2020» стратегиясини жорий этиш борасида ҳам кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу борадаги илғор тажрибани ўрганиш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш жамиятни янада равнақ топтириш ва инсон саломатлигини муҳофазалашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Халқаро анжуманда «Саломатлик – 2020» стратегиясининг асосий тамойиллари ва йўналишлари, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида эришилаётган ўзига хос натижалар, тиббий-ижтимоий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда давлат, жамоат, халқаро ташкилотлар ҳамкорлиги натижаларига бағишланган маърузалар тингланди, ўзаро фикр алмашилди.

Манба: uza.uz