UZ RU
16.05.2014

Ўзбекистон тарихда ҳам, бугун ҳам етук олимлари билан дунёга машҳур

Самарқанд шаҳрида 15-16 май кунлари “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзусида халқаро илмий конференция бўлиб ўтади.

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилаётган ушбу анжуманда АҚШ, Буюк Британия, Хитой, Жанубий Корея, Германия, Нидерландия, Франция, Италия, Испания, Бельгия, Венгрия, Швеция, Япония, Ҳиндистон, Миср, Индонезия, Малайзия, Саудия Арабистони, Кувайт, Латвия, Словакия, Польша каби элликка яқин мамлакатдан олимлар, шунингдек, нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбар ва вакиллари, илмий марказлар ва институтлар мутахассислари, экспертлар иштирок этади. Айни пайтда анжуман қатнашчилари юртимизга кела бошлади.

Ева Виетсма, Вагенинген университети халқаро маркази лойиҳа раҳбари, профессор (Нидерландия):

– Ўзбекистон – бой тарих ва улкан маданий меросга эга мамлакат. Ушбу муқаддас заминда камолга етган кўплаб буюк мутафаккирлар ўзининг бой илмий-маънавий ва маданий мероси билан жаҳон цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган. Мирзо Улуғбек улардан биридир. Астрономия фани асосчиларидан бўлмиш ушбу аллома ўзининг оламшумул кашфиётлари билан бутун дунёда, хусусан, Нидерландияда ҳам довруқ қозонган.

Европада Авиценна номи билан машҳур Абу Али ибн Сино тиббиёт илми ривожига қўшган беназир ҳиссаси билан дунёга донг таратган. Самарқандда ўтадиган халқаро конференция асносида ушбу муқаддас заминда етишиб чиққан кўплаб улуғ мутафаккирларнинг бой илмий меросига яна бир бор мурожаат қилиб, уларнинг жаҳон илм-фани ривожига қўшган улкан ҳиссаси хусусида фикр алмашиш имконига эга бўламиз.

Ўзбекистон нафақат тарихда, балки бугунги кунда ҳам етук олимлари билан дунёга машҳур. Хусусан, ёш олим Иброҳим Абдураҳмоновнинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги кашфиётлари барчани ҳайратга солмоқда. У яратган ихтиро – ғўзанинг янги нави халқаро миқёсда эътиборга молик воқеа сифатида эътироф этилди.

Конференция давомида Самарқандни, у ердаги қадимий меъморий ёдгорликлар ва муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш имконига эга бўлишимдан бахтиёрман. Менга, айниқса, Регистон, Шоҳи Зинда мажмуаларини, Амир Темур мақбараси ва Улуғбек расадхонасини томоша қилиш олам-олам маънавий куч-қувват бағишлайди.

Ўзбекистон қисқа фурсатда дунёда ўз муносиб ўрнини топгани, обрў-эътибор қозонгани, нуфузи юксалиб бораётгани Президент Ислом Каримов юритаётган узоқни кўзлаган, доно сиёсат самарасидир. Давлатингиз раҳбари раҳнамолигида мамлакатингиз тарихини, аждодларингизнинг бой илмий меросини чуқур ўрганиш ва уни ёш авлодга етказиш борасидаги саъй-ҳаракатлар натижасида Ўзбекистон мустақиллиги тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Бу диёрда доимо тинч ва осуда ҳаёт ҳукм сураётгани ҳам айнан ана шундай изчил ишлар самарасидир.

Фаҳад ал-Мекрад, Араб очиқ университети профессори (Кувайт):

– Аввал ҳам Ўзбекистонда ўтказилган кўплаб халқаро конференцияларда иштирок этиш имконига эга бўлганман. Ўзбек заминида етишиб чиққан олиму фузалоларнинг жаҳон илм-фани ривожига қўшган улкан ҳиссасини бутун дунё аҳли эътироф этади. Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний каби кўплаб буюк мутафаккирларнинг бой меросидан бутун дунё аҳли асрлар оша баҳраманд бўлиб келмоқда. Улар ҳақида жуда кўплаб асарлар ва мақолалар ёзилган, фильмлар яратилган. Буюк аждодларингиз қолдирган ноёб ва ўта муҳим мерос асосида бугун дунё мамлакатлари илм даргоҳларида, мактабу университетларда таълим берилмоқда. Бугунги кунда юртингизда ана шундай моддий ва маънавий меросни замон талаблари асосида чуқур ўрганиш ва ундан халқингизни баҳраманд қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлардан ўрнак олса арзийди.

Ўзбекистонга ҳар гал келганимда барча соҳаларда, хусусан, таълим жабҳасида эришилаётган муваффақиятлардан ҳайратланаман ва қувонаман. Айниқса, юртингизда чет тилларини ўрганишга қаратилаётган эътибор туфайли мамлакатингиз ёшлари инглиз, француз, араб тилларида бийрон сўзлаётганини кўриб, жуда таъсирландим. Ўзбекистон ва унинг ютуқлари ҳақида, одамларининг юксак интеллектуал салоҳияти, бағрикенглиги, самимийлиги ва меҳмондўстлиги ҳақида кўплаб мақолалар ёзганман. Ўзбекистоннинг ўзига хос маданиятини жуда қадрлайман.

Мазкур халқаро конференция ташаббускори Президент Ислом Каримовга самимий миннатдорлик билдираман.

Жулио Касати, Инсубриа университети профессори (Италия):

– Ўнлаб ўзбек алломаларининг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси улкандир. Жумладан, Мирзо Улуғбек қолдирган мерос халқингизнинг жаҳон аҳлига бебаҳо инъомидир. Унинг кўплаб илмий монографиялари, сиёсат ва иқтисодиёт соҳасидаги фаолияти, илмий ва маърифий мероси бугунги авлод учун ҳам катта сабоқ бўлиб хизмат қилмоқда. Алломанинг жаҳон илм-фани, айниқса, астрономия ривожига қўшган ҳиссаси беқиёсдир. Унинг “Зижи Кўрагоний” асари ўрта асрларда Осиё ва Европа мамлакатларида кенг тарқалган. Ўрта асрларда ёзилган ҳеч бир астрономик асар бунчалик шуҳрат қозонмаган.

Италияда Ўзбекистон билан илм-фан, маданият ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришга интилиш кучли. Хусусан, Тошкентда очилган Турин политехника университети таълим соҳасидаги фаол ҳамкорлигимизнинг амалий намунасидир.

Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива каби қадимий шаҳарлардаги меъморий обидаларни зиёрат қилиш бахтига муяссар бўлганман. Мамлакатингизда аждодларингизнинг бой меросини ўрганиш, тарғиб қилиш, маданий ёдгорликларни таъмирлаш ва асраб-авайлаш, таълим, фан ва маданият соҳаларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўз самараларини бераётгани таҳсинга лойиқ.

Манба:uza.uz