UZ RU
14.05.2014

Дунёга машҳур алломалар юртига келганимиздан хурсандмиз

“Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзусидаги халқаро илмий конференция ишида иштирок этиш учун элликка яқин давлатдан олимлар ва зиёлилар, нуфузли халқаро ташкилотларнинг раҳбарлари ва вакиллари 14 май куни Самарқандга келди.

Санг Гак ЛИ хоним, Сеул Миллий университетининг Физика ва астрономия кафедраси профессори (Жанубий Корея):

– Ўзбекистонга учинчи марта келишим. Ҳар сафар юртингизда барча соҳаларни, жумладан, қурилиш, транспорт коммуникациялари соҳасини ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганининг гувоҳи бўламан. Бу мамлакатингизда халқ фаровонлигини муттасил оширишга қаратилаётган улкан эътибордан далолатдир. Ўзбекистонда темир йўл соҳаси жадал ривожланаётганини кўриб, қувондим. Тошкент ва Самарқанд шаҳарлари ўртасида юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” электропоезди қатновининг йўлга қўйилгани бунинг яққол тасдиғидир.

Дунёнинг кўплаб мамлакатларидан етук олим ва мутахассисларни тўплаган мазкур нуфузли конференция бошқа йўналишлар қатори астрономия тарихида ҳам муҳим воқеадир. Анжуман Мирзо Улуғбек илмий тадқиқотларининг ҳали ўрганилмаган қирраларини кашф этиш имконини ҳам беради. Ўзбекистон астрономик тадқиқотлар жиҳатидан дунёдаги энг ноёб ҳудудлардан бири эканини алоҳида таъкидлашни истардим.

Университетимиз Ўзбекистон Фанлар академияси Астрономия институти билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатган. Ушбу институтнинг Майданак обсерваторияси географик жойлашуви, қулай атмосфера шароити ва астроиқлими жиҳатидан жаҳондаги нуфузли расадхоналар қаторида туради. Майданакдаги телескоплар мусаффо тунларда минглаб осмон жисмларини кузатиш имкониятига эга. Ана шундай шароитдан оқилона фойдаланаётган олимларингиз катта ютуқларни қўлга киритмоқда.

Майданак обсерваториясидаги телескопга ўрнатилган замонавий русумдаги рақамли камера Ўзбекистон – Жанубий Корея ҳамкорлигининг амалий натижасидир. Бу астрономик тадқиқот олиб бориш фаоллигини янада оширишга хизмат қилмоқда.

Януш Кжизовский, Варшава университети кафедра мудири (Польша):

– Қадим Самарқанддаги бетакрор меъморий обидалар, айниқса, Регистон майдонидаги Улуғбек, Шердор ва Тиллакори мадрасалари ўз жозибаси билан инсонга маънавий қувват бахш этди. Ўзбекистоннинг бой тарихини акс эттирган ушбу бебаҳо обидалар билан халқингиз ҳар қанча фахрланса арзийди. Мамлакатингизга сафарим давомида улкан бунёдкорлик ишларини, барпо этилаётган кўплаб замонавий мажмуа ва турар-жой биноларини кўриб, Ўзбекистон халқининг яратувчанлик салоҳиятига тасаннолар айтдим.

Халқаро конференцияда Алишер Навоий ижодига бағишланган маърузам билан иштирок этаман. Алишер Навоий ижодий мероси боқий, бадиий даҳоси замон ва макон чегараларини билмайди. Ишқ-муҳаббатни, меҳру вафо, шарму ҳаё ва назокатни ёниб куйлаган Навоийнинг гўзал сатрларини ўқиганда буюк ва олижаноб қалб садолари сезилиб туради. Бу юрак туғёнлари, мана, орадан беш ярим аср ўтса ҳамки, миллионлаб одамларни ҳаяжонга солиб келмоқда. Шу ўринда Алишер Навоий қаламига мансуб мен севиб ўқийдиган ғазалдан бир матла келтирмоқчиман:

Оразин ёпқоч кўзимдин сочилур ҳар лаҳза ёш, Бўйлаким, пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғоч қуёш.

Навоий шеъриятидаги зоҳирий маъно янгиликлари билан бирга ботиний сифатларни ҳам ўргангандагина уларни идрок этишга эришиш мумкин.

Шиоя Акифуми, Цукуба университети профессори (Япония):

– Ўзбекистонда дунёга машҳур ва маълум улуғ мутафаккир ва алломалар етишиб чиққан. Жумладан, машҳур аллома Ибн Синонинг “Тиб қонунлари” асари ҳамон инсонлар саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида тиббиёт олами учун муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги алоқалар иқтисодиёт ва маданият каби турли соҳаларда изчил тараққий этаётганини алоҳида қайд этишни истардим.

Сиддхарт Саксена, Кембриж университетининг Марказий Осиё бўйича форуми раиси (Буюк Британия):

– Ўзбекистонда мустақиллик йилларида барча соҳаларда амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотлар бераётган самаралар халқингиз фаровонлигининг юксалишига хизмат қилмоқда. Мамлакатингизга ҳар гал келганимда Ўзбекистон таниб бўлмас даражада ўзгариб, янада гўзаллашганининг гувоҳи бўламан. Ижтимоий-иқтисодий, илмий соҳаларда, шунингдек, бунёдкорлик жабҳасида рўй бераётган улкан ўзгаришлар ва янгиланишлар ҳавасимни тортади.

Президент Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган машҳур беш тамойилга асосланган тараққиётнинг “ўзбек модели” ғоят самарали ва ҳаётийлиги билан халқаро ҳамжамият томонидан кенг эътироф этилганини алоҳида таъкидламоқчиман. Бу омил кўплаб мамлакатларда ҳамон давом этаётган молиявий-иқтисодий инқироз шароитида ҳам мамлакатингиз барқарор иқтисодий ривожланиши учун хизмат қилмоқда.

Ўзбекистонда хорижий тилларни ўрганиш фаоллашиб бораётгани таълим соҳасига қаратилаётган алоҳида эътибор самараларидандир.

Манба : uza.uz