Мадина – энг яхши ҳамшира
Навоийда “Ҳамшира – 2014” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Унда 13 нафар ҳамшира ўз билим ва малакасини намойиш этди.
Тадбирда Президентимиз раҳнамолигида тиббиёт тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, соҳага замонавий технологияларни жалб қилиш, кадрлар малакасини оширишга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётгани таъкидланди.
Айни пайтда вилоят тиббиёт муассасаларида ўн минг нафардан ортиқ ҳамшира самарали меҳнат қилмоқда. Уларнинг касб кўникмаси ва малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида 665 нафар тиббиёт ҳамшираси малака ошириш курсида ўқитилди, 96 нафари мутахассисликка қайта ихтисослаштирилди.
Қизилтепа тумани тиббиёт бирлашмаси ҳамшираси Мадина Неъматова биринчи ўринни эгаллаб, танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди. Иккинчи ўрин вилоят ўсма касалликлари диспансери ҳамшираси Моҳира Абдураҳмоновага насиб этган бўлса, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳамшираси Наргиза Бойчаева учинчи ўринга муносиб кўрилди.
– Соғлом бола йилида она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш, фертиль ёшидаги аёлларни тўлиқ текширувларга жалб этишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда, – дейди кўрик-танлов ғолибаси М.Неъматова. – Эрта турмуш ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг олдини олиш, туғруқлар оралиғига жиддий эътибор қаратиш борасида олиб борилаётган тушунтириш ишлари яхши самара бераётир. Аҳоли саломатлигини сақлашдек шарафли касбда меҳнат қилаётганим ва бугунги танловда ғолиб бўлганимдан фахрланаман.
Манба : uza.uz