Сифатли тиббий хизмат – саломатлик гарови
Термизда даволаш-профилактика муассасаларининг моддий-техник базасини янада яхшилаш масалаларига бағишланган семинар ўтказилди.
Семинарда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари А.Худоёров ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий маданиятни юксалтириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш юзасидан амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар юксак самаралар бераётганини таъкидлади. Жорий йилга мўлжалланган инвестиция дастури доирасида мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимини янада ривожлантириш, даволаш-профилактика муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун 407 миллиард сўм ажратилгани қайд этилди.
Соҳада юз бераётган ўзгариш ва янгиланишлар юртимизда санитария-эпидемиологик барқарорликни таъминлаш, хавфли ва бошқа юқумли касалликларнинг четдан кириб келишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этаётир. Аҳолининг тиббий маданияти юксалиб, репродуктив саломатлиги мустаҳкамланмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 28 ноябрдаги “Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Сурхондарё вилоятида 7 минг 455 ўринга мўлжалланган 39 шифохона, 284 амбулатория-поликлиника, ўн бешта давлат санитария-эпидемиология назорат маркази аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатмоқда. Қўшни давлатлар билан чегарадош ҳудудлардаги тўртта санитария-назорат пунктида хавфли ва юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 245 замонавий қишлоқ врачлик пункти мижозларга бирламчи тиббий ёрдам кўрсатаётир.
Вилоятда 2010-2012 йилларда инвестиция дастури доирасида 50 миллиардан зиёд, ўтган йили 22 миллиард 634 миллион сўм ўзлаштирилиб, Олтинсой, Қумқўрғон, Шеробод ва Жарқўрғон туманлари тиббиёт бирлашмалари тубдан реконструкция қилинди. Жумладан, вилоят кўп тармоқли ва болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари, сил касалликлари шифохонаси янгиланди. Реконструкция ишлари якунланган Денов туман перинатал маркази фойдаланишга топширилди. Ўнта янги қишлоқ врачлик пункти барпо этилди.
– Жорий йилга мўлжалланган инвестиция дастури доирасида 20 миллиард 316 миллион 800 минг сўм маблағ ажратилиб, тўққизта тиббиёт муассасасида қурилиш-реконструкция ишлари олиб борилмоқда, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи А.Қўчқоров. – Тубдан реконструкция қилинаётган муассасалар замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланаётир. Буларнинг натижасида она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни дунёга келтириш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича сезиларли ютуқларга эришилмоқда.
“Соғлом бола йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, фертиль ёшидаги аёллар, болалар тиббий кўрикдан ўтказилиб, касаллик аниқланган беморларни даволаш чоралари кўрилаётир.
Иштирокчилар вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, Термиз туманидаги “Дўстлик”, “Сабзипоя” қишлоқ врачлик пунктлари фаолияти ва иш тажрибаси билан танишди.
Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Э.Жўраев сўзга чиқди.
Манба : uza.uz