АКТ: Амалиёт ва самара
Жиззах вилоятидаги элликдан зиёд даволаш-профилактика муассасаси “UzNET” тармоғи орқали интернет хизматидан фойдаланмоқда. Президентимизнинг 2013 йил 27 июнда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси миллий ахборот-коммуникация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлаётир.
Вилоятда сўнгги уч йилда 6 соғлиқни сақлаш муассасаси қурилиб, 15 таси капитал таъмирланди. Тиббиёт муассасалари 6,5 миллиард сўмлик замонавий тиббий жиҳозлар, ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминланди. Бугун қишлоқ шифохоналари ҳам жиҳозланиши, ахборот алмашув даражасига кўра шаҳардаги тиббий муассасалардан қолишмайди.
Яратилаётган бундай замонавий шароитлар, аввало, беморларга катта қулайлик туғдирмоқда. Шу ернинг ўзида аниқ ва тез ташхис қўйиш имконияти яратилгани тиббий хулоса ва тавсияларни олиш учун аввалгидек вилоят маркази ёки мамлакатимиз пойтахтига бориш ташвишларидан халос этди.
– Замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилаётгани тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда, – дейди Фориш тумани марказий шифохонасининг бош терапевти Турмуҳаммад Тошпўлатов. – Шифохонамиз интернет тармоғи орқали вилоят, республика марказий тиббиёт муассасаларига уланган. Қисқа вақтда зарур маълумотни юбориш, қабул қилиш, беморнинг ҳолати ҳақида тезкор ахборот бериш имконияти мавжуд.
Жиззах вилоят, шаҳар ва туман тиббиёт муассасаларининг барчаси компьютер жамламалари билан тўлиқ таъминланган. Жорий йилда қишлоқ врачлик пунктлари интернет тармоғига уланади.
Интернет орқали электрон ахборот алмашувини амалга оширишда маҳаллий дастурлар кўпроқ қўл келаётир. Иш юритиш ва электрон ҳужжат алмашишда “Е-ХАТ” ҳимояланган электрон почта тизими қўлланилмоқда. Бу дастур ҳужжатларни, фуқароларнинг мурожаатларини, қуйи идораларга юборилган топшириқларни рўйхатга олишда катта қулайлик яратмоқда.
Соҳада ахборот-коммуникация технологиялари такомиллашиб, электрон алоқа, ахборот алмашиш дастурларининг янги шакллари пайдо бўлаётгани мутахассис кадрларга бўлган талабни ҳам оширмоқда. Бу эҳтиёжни қоплаш мақсадида соҳага ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежини битираётганлар кенг жалб этилмоқда. Шунингдек, тизимда ишлаётган компьютер операторларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “UzMEDINFO” маркази билан ҳамкорлик йўлга қўйилган
Манба : uza.uz