UZ RU
21.05.2014

Қашқадарё ва Сурхондарёда саломатлик кунлари

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ва “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компанияси ҳамкорлигида Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларига "Саломатлик" поезди жўнатилди.

"Соғлом бола йили" Давлат дастури доирасида ташкил этилган мазкур хайрия тадбиридан кўзланган мақсад мамлакатимизнинг чекка ҳудудларида яшаётган аҳолини, жумладан, аёллар ва болаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш, уларга манзилли ёрдам кўрсатишдан иборат.

Ушбу "Саломатлик" поезди таркибидаги мурувват юклари “Nestle Uzbekistan” қўшма корхонаси, “Ўқитувчи” нашриёт-матбаа ижодий уйи, “Baxteks” масъулияти чекланган жамияти, “Shaffof servis” қўшма корхонаси ва бир қатор халқаро ташкилотлар кўмагида шакллантирилган.

Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларига "Саломатлик" поезди жўнатилиши муносабати билан ушбу ҳудудларда 23 майга қадар саломатлик кунлари ташкил этилади. Бир ҳафта давомида малакали мутахассислар томонидан болалар, хотин-қизлар, кўп болали оилалар аъзолари ва бошқа тиббий-ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни тиббий кўрикдан ўтказиш, хасталик аниқланганларни соғломлаштириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилади. Шу билан бир қаторда, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи учрашувлар ташкил этилади.

Хайрия акцияси давомида даволаш-профилактика муассасалари ва аҳолига тиббиёт анжомлари, санитария-гигиена воситалари, дори-дармон, озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак ва бошқа мурувват юкларини етказиб бериш режалаштирилган.

Манба : uza.uz