Валеология ва саломатлик
Ҳар бир инсон соғлом турмуш тарзи тамойилларига тўла риоя этиши касалликларнинг олдини олиш, соғлом ва узоқ умр кечиришда муҳим омил ҳисобланади. Ана шу йўналишдаги долзарб вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида жаҳон тиббиётида янги йўналиш – валеология фани юзага келди ва изчил ривожланмоқда.
Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида валеология ва уни соғлиқни сақлаш тизимига интеграциялаш масалаларига бағишлаб ташкил этилган республика илмий-амалий анжуманида шулар ҳақида сўз борди.
Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ректори Д.Собиров, Ўзбекистон валеолог врачлар уюшмаси раиси Ш.Эргашев ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида тиббий-профилактика ишларини кенгайтириш, халқимиз фаровон турмуш кечириши учун қулай шароит яратишга қаратилаётган доимий эътибор инсон манфаатларини муҳофазалаш ва саломатлигини асрашда муҳим омил бўлаётганини алоҳида таъкидлади.
Мамлакатимизда аҳолига замонавий андозалар даражасида бирламчи тиббий-профилактика, шошилинч ва ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш, оналик ва болаликни муҳофазалаш, санитария-эпидемиология барқарорлигини сақлашнинг замонавий тизими яратилган. “Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида бу йўналишда амалга оширилаётган тиббий-ижтимоий лойиҳалар кўлами янада кенгаймоқда.
Айни пайтда жаҳон тиббиётининг замонавий йўналиши – валеология фанини соғлиқни сақлаш тизимига интеграциялаш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу фан тиббиёт предметлари таркибига киритилди. Жорий йил Ўзбекистон валеолог врачлари уюшмаси ташкил этилди. Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида валеология кафедраси фаолият юритмоқда. Мамлакатимиз шифокорлари соғлом ҳаёт тарзини шакллантиришнинг замонавий валеологик тамойиллари юзасидан билим ва малакасини оширмоқда.
Анжуманда тиббий-профилактика хизматини янада ривожлантириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришда давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлиги самаралари, соғлом бола тарбиясида жаҳон тиббиётининг илғор ютуқларидан кенг фойдаланиш масалаларига бағишланган маърузалар тингланди.
Манба : uza.uz