Ўзбекистон ва Хитой ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг IV саммити йиғилишида иштирок этиш учун Хитой Халқ Республикасига ташриф буюрди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ва ХХР Раиси Си Цзиньпин 20 май куни Хитой раҳбарининг Шанхай шаҳридаги қароргоҳида учрашув ўтказди. Суҳбат чоғида томонлар мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг бугунги ҳолатини юксак баҳолади ва ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларини белгилашда бундай учрашувлар муҳимлигини таъкидладилар.
Давлатимиз раҳбари ўзаро ҳамкорлик изчил ривожланаётганини қайд этиб, Хитой раҳбарига самимий қабул учун миннатдорлик билдирди.
ХХР Раиси мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш тарафдори эканини таъкидлади. Си Цзиньпин Ўзбекистон раҳбари билан бундан буён ҳам яқин шахсий мулоқотни давом эттиришга, икки томонлама муносабатларда “янада юксак марраларга эришиш учун барча саъй-ҳаракатларни ишга солишга” тайёр эканини қайд этди.
Хитой раҳбари давлатларимиз ўртасида минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш лозимлигини таъкидлади. Си Цзиньпин Ўзбекистон минтақадаги муҳим давлат эканини қайд этиб, Осиё мамлакатлари ўртасидаги ишончни, минтақада тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, ижтимоий-иқтисодий тараққиёт борасида мамлакатимиз билан ўзаро саъй-ҳаракатларни бирлаштиришни таклиф этди.
Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг 2013 йил сентябрь ойида Ўзбекистонга илк давлат ташрифи икки томонлама муносабатларни ривожлантиришда тарихий воқеа, мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги муносабатларнинг тобора мустаҳкамланиб бораётган асосларининг амалий ифодаси экани таъкидланди. Тошкентда бўлиб ўтган музокаралар якуни бўйича Ислом Каримов ва Си Цзиньпин Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома ҳамда Икки томонлама стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва ривожлантириш ҳақидаги қўшма декларацияни имзолади. Шунингдек, техник-иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битим, иқтисодий, молиявий, нефть-газ, таълим соҳаларидаги муносабатларни янада ривожлантиришга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланди.
Айни пайтда Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги алоқалар Дўстлик, ҳамкорлик ва шериклик муносабатлари тўғрисидаги шартнома ҳамда Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларация руҳида барча соҳаларда ривожланмоқда. Ўзаро манфаатдорликка асосланган ушбу ҳамкорлик муносабатларнинг барча йўналишларини қамраб олган. Бунда давлат раҳбарларининг ўзаро ишонч ва ҳурмат руҳидаги шахсий мулоқотлари муҳим омил бўлмоқда. Олий даражадаги учрашувлар ва ташрифлар мунтазамлик касб этган.
Ўзаро савдо айланмаси ҳажмининг барқарор ўсиб бораётгани ҳам диққатга сазовордир. Масалан, сўнгги олти йилда мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб 6 баробар ошди ва 2013 йилда 5,2 миллиард долларга етди.
Эслатиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил июнь ойида Хитойга ташрифи чоғида ўттиздан ортиқ инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга қаратилган 5,3 миллиард доллардан зиёд миқдордаги ҳужжатлар имзоланган.
ХХР Раисининг 2013 йил сентябрь ойида Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида умумий қиймати 15 миллиард долларга тенг лойиҳаларни амалга оширишга оид 31 ҳужжат имзоланди. Ушбу ҳужжатларда Хитойдан 7,7 миллиард долларлик молиявий ресурслар, шу жумладан, Хитой компанияларининг 1,3 миллиард долларлик тўғридан-тўғри инвестициялари, ушбу мамлакат банкларининг 6,1 миллиард долларга тенг кредит маблағлари ва 0,3 миллиард долларлик давлат грантларини жалб этиш кўзда тутилган.
Ўзбекистонда Хитой капитали иштирокидаги 466 корхона, жумладан, тўла Хитой сармояси билан ташкил этилган 77 корхона фаолият юритмоқда. Мамлакатимизда Хитойнинг 71 компанияси ўз ваколатхонасини очган.
Нохомашё ва юқори технологияли соҳаларда ҳам инвестициявий шериклик изчил ривожланмоқда. Ўзбекистон ва Хитой ҳукуматлари ўртасида 2010 йилда имзоланган Ҳамкорлик дастури бу борада муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон ХХР раҳбарияти томонидан 2011 йилда илгари сурилган Хитой компаниялари иштирокида Ўзбекистон – Хитой юқори технологиялар саноат паркини ташкил этиш тўғрисидаги ташаббусни қўллаб-қувватлади. Ушбу мақсадда 2013 йилнинг март ойида Сирдарё вилоятида филиали бўлган “Жиззах” махсус индустриал зонаси ташкил этилди. 2013 йил июнь ойидан бошлаб ушбу индустриал зона ҳудудида мобиль телефонлар, қурилиш материаллари ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Жорий йилда “Жиззах” махсус индустриал зонасида Хитой компанияларининг қиймати 50 миллион доллардан зиёд тўғридан-тўғри инвестициялари иштирокида ўн бешдан ортиқ қўшма лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган.
Ёқилғи-энергетика комплексида ҳам ХХР билан ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. Марказий Осиё – ХХР газ қувурининг тўртта тармоғи ҳам Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ўтиши нефть-газ соҳасида юксак даражадаги ўзаро ишонч ва яқин ҳамкорликдан далолат беради.
Хитой Миллий нефть-газ корпорацияси нафақат истиқболли углеводород конларини ўрганиш ва уларни ўзлаштириш, балки Муборак газ-кимё мажмуасида табиий газни чуқур қайта ишлаш лойиҳасини амалга оширишда ҳам қатнашмоқда.
Мамлакатларимиз ўртасида энг қисқа темир йўл тармоғини барпо этиш ўзаро иқтисодий ҳамкорликнинг долзарб стратегик йўналишларидандир. Бу Хитойнинг Марказий Осиё, ундан кейин Жанубий Осиё мамлакатларига чиқишини таъминлайди. Мазкур йўналиш Ангрен-Поп темир йўли қурилиши лойиҳасини ўз ичига олган. «Ўзбекистон темир йўллари» давлат акциядорлик компанияси ва Хитойнинг «China Railway Tunnel Group» компанияси ўртасида довондан туннель орқали ўтадиган Ангрен-Поп темир йўлини қуриш бўйича умумий қиймати 455 миллион долларлик шартнома имзоланди ва хитойлик ҳамкорлар иштирокида 2013 йилнинг июнь ойида мазкур йўл қурилиши бошланди.
Молиявий соҳадаги ҳамкорлик, жумладан, Хитой Давлат тараққиёт банки ва Эксимбанки билан алоқалар фаол ривожланмоқда. Хитой молия институтларининг жами кредитлари ҳажми 4,5 миллиард доллардан, шу жумладан, ҳукумат кафолатисиз кредитлар 3,5 миллиард доллардан ошди.
Таъкидлаш жоизки, Хитой Давлат тараққиёт банки энергетика, транспорт, телекоммуникация, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа йўналишлардаги умумий қиймати 3,8 миллиард доллардан зиёд турли лойиҳаларда иштирок этмоқда.
Хитойнинг Эксимбанки томонидан 2005 йилдан бошлаб умумий қиймати 1,15 миллиард долларлик 32 лойиҳани молиялаштириш тасдиқланган.
Мамлакатларимиз ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни, фан ва техника, туризм соҳаларидаги ҳамкорликни ҳам янада ривожлантириш устувор аҳамиятга эгадир. Таъкидлаш керакки, 2013 йил 15 май куни Шанхай шаҳрида Хитойда биринчи марта Шанхай университети ҳузуридаги ШҲТ Жамоат дипломатияси илмий-тадқиқот институти негизида Ўзбекистон тадқиқотлари ва таълим алмашувлари маркази очилди. Тошкент ва Шанхай, Самарқанд ва Сиан, Навоий ва Чжучжоу шаҳарлари, Тошкент вилояти ва Хунан вилояти, Самарқанд вилояти ва Шэнси вилояти ўртасида биродарлик алоқалари ўрнатилган.
Икки давлат раҳбарларининг бу галги учрашуви Ўзбекистон билан Хитой ўртасида ўзаро манфаатли ва серқирра ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга ва стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Президент Ислом Каримов самимий суҳбат ва самарали мулоқотдан сўнг ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш саммитига аъзо давлатлар раҳбарлари шарафига ташкил этилган Хитой санъат усталарининг тантанали концертига ташриф буюрди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Хитой Халқ Республикасига ташрифи давом этмоқда.
Манба : uza.uz