UZ RU
24.05.2014

Аниқ ва манзилли ижтимоий ҳимоя

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан “Аҳолини мақсадли ҳамда манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш: амалиёт, муаммо ва ечимлар” мавзусида семинар ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, унинг ҳудудий бўлимлари мутасаддилари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Ф.Ражабов, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди бошқаруви раиси А.Аҳмедов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида истиқлол йилларида халқимизни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масаласига устувор аҳамият қаратилаётганини таъкидлади.

Бу жараёнда фуқароларнинг давлат бошқарувини амалга оширишдаги фаол иштирокини таъминлаш, маҳаллаларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини кучайтириш, ҳуқуқ ва ваколатларини янада кенгайтириш ҳамда аниқ манзилли ижтимоий ҳимоя марказига айлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жамият ҳаётининг барча соҳаларида кечаётган ислоҳотларнинг кучли ижтимоий йўналтирилгани самарасида мамлакатимизда ҳар йили ўрта ҳисобда бир миллионга яқин иш жойи яратилиб, аҳолининг эҳтиёжманд қатлами тоифаси учун 100 мингта иш ўрни захира қилинмоқда. Меҳнат бозорида мослаша олмаган фуқаролар манфаатлари ҳимояланиб, 20 мингга яқин ҳамюртимиз элликдан ортиқ касбга қайта ўқитилмоқда. Саховат ва Мурувват уйларида ёлғиз кекса, пенсионер ва ногиронлар тўлиқ давлат таъминотига олиниб, уларга тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатилмоқда.

Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг пенсия таъминотини ташкил этиш бошқармаси маълумотига кўра, яратилган ҳуқуқий кафолатлар доирасида 2013 йилда 161,1 минг нафар фуқарога пенсия, нафақа ва бошқа ижтимоий тўловлар тайинланган. Пенсиялар, ижтимоий тўловлар ва нафақаларнинг ўз вақтида тўланиши доимий мониторинг қилинмоқда.

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан ҳам кам таъминланган оилалар, ёлғиз кексалар, алоҳида эҳтиёжли фуқароларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Юртимиздаги мавжуд ўн мингга яқин маҳалла фуқаролар йиғини таркибида ижтимоий қўллаб-қувватлаш комиссиялари самарали фаолият кўрсатмоқда. Аҳолининг бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари барпо этиш, тадбиркорликни ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан Наманган ва Навоий вилоятларида “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун, бу борадаги ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар ҳамда Бюджет кодекси ижроси ўрганилиб, амалга оширилган ижобий ишлар эътироф этилди. Айни пайтда вилоят, туман, шаҳар молия бўлимлари, бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан аҳолига ижтимоий кўмак кўрсатишда холислик мезонларига, қарорлар қабул қилишда ошкоралик, ҳимоянинг аниқ йўналтирилишига риоя этиш, ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланиш борасида яратилган тизимнинг ишлашига баҳо берилиб, ижтимоий хизмат кўрсатишнинг меъёрий-ҳуқуқий базаси изчил такомиллаштирилаётир.

Семинарда ижтимоий ҳимоя тизими ва бу борадаги қонунчиликни янада такомиллаштириш, соҳада ечимини кутаётган долзарб масалаларни ҳал этиш ҳамда аҳолини манзилли қўллаб-қувватлашда амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан фикр юритилди.

Манба : uza.uz