UZ RU
23.05.2014

Одамнинг иммунитет танқислиги вирусини юқтириб олган шахслар ишлаши ман этилган касбий фаолият турлари рўйхати тасдиқланди

Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 23 сентябрдаги №ЎРҚ-353-сонли «Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни Сақлаш Вазирлигининг, Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалар Федерацияси, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлигининг 1999 йил 6 декабрдаги 03/1-сонли Қарори билан тасдиқланган ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2000 йил 25 январда № 881-сони билан руйхатга олинган “ОИВ/ОИТС (ВИЧ/СПИД) вируси билан касалланган шахсларнинг ишлаши ман этилган ишлар рўйхати ва касб турлари тўғрисидаги” Қарор қайтадан кўриб чиқилди.

Одамнинг иммунитет танқислиги вирусини юқтириб олган шахслар ишлаши ман этилган касбий фаолият турлари рўйхати қайтадан кўриб чиқилиб, Ички ишлар вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимий ҳимоя қилиш вазирлиги ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси билан келишилди.

Келишилгандан сўнг Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2014 йил 23 апрелдаги 7-сонли буйруғи Адлия вазирлиги томонидан 2014 йил 7 майда 2581-рақами билан рўйхатидан ўтказилди.

Ушбу буйруқ билан қуйидаги касбий фаолият турларида одамнинг иммунитет танқислиги вирусини юқтириб олган шахслар ишлаши ман этилади:

  1. Қон ва унинг таркибий қисмларини тайёрлаш ва уларга қайта ишлов бериш билан боғлиқ касблар.
  2. Қон ва унинг таркибий қисмлари, сперма ва кўкрак сутини қабул қилиш билан боғлиқ касблар.
  3. Гемотрансфузия билан боғлиқ касблар.
  4. Қуйидаги тиббий муолажалар билан боғлиқ касблар:
  5. - инъекциялар;

    - диализ;

    - венесекция;

    - катетеризация.

  6. Косметик ва пластик операциялар билан боғлиқ касблар.
  7. Стомотологик муолажалар билан боғлиқ касблар.
  8. Туғруқ билан боғлиқ касблар.
  9. Аборт ва бошқа гинекологик операциялар билан боғлиқ касблар.
  10. Соч ва соқол олиш, пирсинг, маникюр, педикюр ҳамда татуаж билан боғлиқ касблар.

Янги рўйхат тасдиқланиши муносабати билан, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни Сақлаш Вазирлигининг, Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалар Федерацияси, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлигининг 1999 йил 6 декабрдаги 03/1-сонли Қарори билан тасдиқланган ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2000 йил 25 январда № 881-сони билан рўйхатга олинган “ОИВ/ОИТС (ВИЧ/СПИД) вируси билан касалланган шахсларнинг ишлаши ман этилган ишлар рўйхати ва касб турлари тўғрисидаги” Қарор ўз кучини Адлия вазирлигида 2014 йил 7 майда 881-1-сон билан рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни Сақлаш Вазирлигининг, Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалар Федерацияси, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлигининг қўшма қарори билан йўқотди.