UZ RU
08.05.2014

Тиббий хизмат сифати ошмоқда

Навоий вилоятида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, шифо масканларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

“Соғлом бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида тиббий муассасаларда қурилиш-таъмирлаш, модернизация ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида амалга оширилаётган ишлар бунинг ёрқин тасдиғидир.

– Жорий йилнинг ўтган даврида гемотология, кардиоревматология каби бўлимлар янгидан ташкил этилди, – дейди марказ бош шифокори Фарҳод Қурбонов. – Шунингдек, бўлимлар кенгайтирилиб, аҳолига зарур қулайликлар яратилмоқда. Бир юз йигирма беш ўринга мўлжалланган ушбу тиббий муассасада 310 нафардан зиёд малакали мутахассис меҳнат қилади.

Марказ ходимлари Тошкент врачлар малакасини ошириш институти, хорижий давлатлардаги етакчи тиббиёт масканларида малака ошириб қайтмоқда. Мамлакатимиздаги бир қатор етакчи тиббий муассасалар, жумладан, Тошкент педиатрия ва Самарқанд тиббиёт институтлари билан яқин ҳамкорлик ўрнатилган.

Бу ерда замонавий даволаш усуллари – туғма маймоқлик, чаноқ ва сон бўғими чиқишлари, кўкрак қафасидаги жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли амалга оширилаётир.

Президентимиз раҳнамолигида соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида марказнинг замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлангани болаларда учрайдиган турли хасталикларни эрта аниқлаш ва ўз вақтида даволаш имкониятини оширди. Соғлом бола йилида бу борадаги ишлар кўлами янада кенгаймоқда. Жумладан, Германиянинг KFW банки имтиёзли кредити ҳисобидан бир миллион 137 минг еврога энг сўнгги русумдаги замонавий тиббиёт жиҳозлари келтирилади.

Манба : uza.uz