Тиббий маданият – саломатлик гарови
Саломатликнинг муҳим омилларидан бири соғлом турмуш тарзига амал қилишдир. Президентимиз раҳнамолигида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар доирасида мазкур тамойил тарғиботи ва тиббий маданиятни юксалтиришга қаратилган чора-тадбирлар алоҳида ўрин тутади.
Ўзбекистон Республикаси Саломатлик ва тиббий статистика институти Наманган вилояти филиалининг директори Ирода Мусаева бу борада вилоятда амалга оширилаётган ишлар хусусида ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди:
– Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, энг катта бойлигимиз бу – халқимизнинг саломатлигидир. Тиббиёт соҳасида рўй бераётган туб ўзгаришлар, моддий-техник базанинг мустаҳкамланаётгани, диагностика, даволаш ва профилактика ишларига замонавий техника ва технологиялар жорий қилинаётгани тиббий хизмат кўрсатиш сифати ҳамда самарадорлигини юксалтиришда муҳим омил бўлмоқда.
Республика Саломатлик ва тиббий статистика институти олдига қўйилган асосий вазифалардан бири ҳам аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини тарғиб қилиш воситасида тиббий маданиятни оширишга кўмаклашишдир. Институтнинг вилоят филиали бу борада ўттизга яқин давлат дастурлари доирасида иш олиб бормоқда.
Жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатувчи муассасалар фаолиятидаги профилактик йўналишни кучайтириш ҳамда тизимли равишда тиббий маданият, санитария-гигиена ва соғлом турмуш тарзи бўйича кўникмаларни кенг татбиқ этишга доир дастури ижросига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур дастур турли касалликларнинг олдини олиш борасидаги тарғибот ва профилактика тадбирларини ўзида мужассам этган.
Жорий йилнинг январь ойида ОИВ инфекцияси профилактикаси, репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, вояга етмаганлар ўртасида соғлом турмуш тарзи, наркотик, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини суиистеъмол қилиш, туғма касалликларни барвақт аниқлаш ва соҳага оид қонунлар тарғиботига урғу берилди. Ҳарбий ватанпарварлик ойлиги муносабати билан ҳарбий қисмларда ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари тиббий маданиятини оширишга қаратилган семинар машғулотлари ўтказилди.
Февраль ойида фертиль ёшидаги аёллар, болалар ва ўсмир қизларни соғломлаштириш, грипп, вирусли гепатит, гельминтоз касалликларининг олдини олиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди. Соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда Тўрақўғон, Мингбулоқ туманларида ўтказилган соғломлаштириш ҳафталикларида минглаб аҳолига амалий ва консультатив тиббий хизмат кўрсатилди.
Биринчи чоракнинг сўнгги ойида эрта ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг нохуш оқибатлари, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, оила мустаҳкамлигининг асослари устувор масала бўлди. Учқўрғон, Норин туманларида ташкил этилган соғломлаштириш ҳафталикларида академик-лицей, касб-ҳунар коллежи ва умумтаълим мактаблари ўқувчилари, даволаш профилактика муассасаси ва маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари, кенг аҳоли қатлами қамраб олинди.
Вилоят скрининг, фтизиатрия, ОИТСга қарши кураш марказлари билан ҳамкорликда Уйчи, Наманган, Тўрақўрғон, Мингбулоқ, Учқўрғон, Норин, Чуст, Поп туманларида туғиш ёшидаги аёллар, ўсмирлар ва болалар тиббий кўрикдан ўтказилиб, зарур тавсия ва маслаҳатлар берилди.
Умуман, дастлабки чоракда барча шаҳар ва туманлардаги даволаш-профиликтика муассасалари, қишлоқ врачлик пунктлари, маҳалла ва таълим-тарбия муассасаларида ташкил қилинган 93 минг 500 га яқин тиббий-маърифий тадбирларда 1 миллион 280 мингдан зиёд аҳоли иштирок этди. Оммавий ахборот воситаларида 200 дан кўпроқ чиқишлар қилинди.
“Соғлом бола йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросига қаратилган бундай чора-тадбирлар изчил давом эттирилмоқда.
Манба : uza.uz