Аҳоли саломатлиги йўлида
Бухорода соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини оширишга бағишланган республика семинари бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари ва мутахассислар иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири А.Алимов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида соҳани ислоҳ қилиш, тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётганини таъкидлади.
– Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий маданиятини юксалтиришда соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғини – туман ва шаҳарлардаги поликлиникалар, қишлоқ врачлик пунктларининг фаолияти муҳим аҳамият касб этади, – дейди Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, тиббиёт фанлари доктори Икром Омонов. – Айни пайтда вилоятда 350 тиббиёт муасасаси фаолият юритмоқда.
Ўзаро мулоқот асосида ўтган тадбирда вилоят соғлиқни сақлаш тизимида профилактика ва даволаш ишлари самарадорлигини таъминлашда ўзига хос тизим яратилгани қайд этилди. Хусусан, туғруқ ёшидаги хотин-қизлар ҳақидаги маълумотлар электрон базаси яратилгани, жойлардаги тиббиёт муассасаларида юзага келадиган муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш мақсадида соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан вертикал мониторинг бошқарув усули жорий этилгани иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
“Соғлом бола йили” Давлат дастури ижроси юзасидан оилада тиббий маданиятни ошириш, баркамол авлодни вояга етказиш, эрта турмуш ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг олдини олиш, никоҳолди тиббий кўрик масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Семинар иштирокчилари Когон туманидаги “Геофизика” қишлоқ врачлик пункти ва замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган вилоят перинатал маркази фаолияти билан танишди.
Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи М.Эсонов сўзга чиқди.
Манба : uza.uz