Аҳил оилада соғлом фарзанд улғаяди
Ургут тиббиёт коллежида “Соғлом бола йили” Давлат дастури ижроси юзасидан “Маънавият оиладан бошланади” мавзусида илмий-амалий конференция ўтказилди.
Самарқанд вилоят хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда тумандаги таълим ва тиббиёт муассасалари, корхона ва ташкилотларнинг бошланғич хотин-қизлар қўмиталари етакчилари, маҳалла маслаҳатчилари, жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашди.
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва фаоллигини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Давлатимиз раҳбарининг 2004 йил 25 майдаги “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Мазкур фармон асосида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар фаолияти йўлга қўйилди. Айни пайтда улар маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш каби йўналишларда кенг кўламли тарғибот ишларини олиб боришмоқда.
– “Соғлом бола йили” Давлат дастурида ҳам соғлом боланинг дунёга келиши, аввало, оиладаги маънавий муҳит, аҳилликка боғлиқ экани назарда тутилиб, оилада ўзаро ҳурмат ва меҳр-муҳаббат, юксак ахлоқий ва маънавий қадриятларни қарор топтириш юзасидан бир қатор вазифалар белгиланган, – дейди Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Нигора Раббимова. – “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси, Маънавият тарғибот маркази вилоят бўлимлари билан ҳамкорликда таълим муассасалари ва маҳаллаларда маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда, кўплаб танловлар эълон қилинган.
Тадбирда туманда оилавий тадбиркорлик, миллий ҳунармандчилик ва касаначиликни кенг йўлга қўйиш асосида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, нотинч оилалар билан ишлашда маҳаллалар томонидан олиб борилаётган ишлар юзасидан ибратли тажрибалар ўрганилди. Ҳунарманд ва тадбиркор хотин-қизлар томонидан яратилган маҳсулотлар кўргазмаси намойиш этилди.
Манба : uza.uz