НАЗОРАТ, ТАҲЛИЛ ВА ФАОЛИЯТ НАТИЖАЛАРИ Фарғона вилоятида ўтказилган қўшма ҳайъат йиғилишида бош мавзуга айланди
2014 йилнинг 25 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг навбатдаги сайёр қўшма ҳайъат йиғилиши ва "Бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасалари фаолиятини такомиллаштириш масалалари"га бағишланган республика семинари бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Анвар Алимов, Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев, Фарғона вилояти хотин-қизлар қўмитаси раиси Мавлуда Хўжаева, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳри ва вилояти соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари, Фарғона, Андижон ва Наманган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаларининг амбулатор-поликлиника хизмати бўйича бош мутахассислари, Фарғона вилояти туман тиббиёт бирлашмаси бошлиқлари, қишлоқ врачлик пункти координаторлари, туман кўп тармоқли марказий поликлиника ва қишлоқ врачлик пункти, оилавий поликлиника мудирлари ҳамда ҚВПларининг умумий амалиёт шифокорлари ва ўрта тиббиёт ходимлари иштирок этдилар. Шу билан бирга Фарғона вилоят туман хокимликлари, туман хотин-қизлар қўмитаси раислари туман молия ва юридик хизмати раҳбарлари фуқаролар йиғини фаоллари ва "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати ходимлари ҳам қатнашдилар.
Ҳайъат йиғилишини Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев кириш сўзи билан очиб, мамлакатимизда инсон саломатлиги ва унинг манфаатлари ҳамда турмуш фаровонлиги йўлида қилинаётган эзгу ишларга эътибор қаратиб, жумладан Фарғона вилоятида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат даражаси хусусида алоҳида тўхталди. Шунингдек, кейинги йилларда, айниқса Инвестиция дастури асосида тиббиёт муассасалари янгидан бунёд этилаётгани, айримлари капитал таъмирдан чиқарилгани, энг сўнгги русумдаги тиббиёт аппаратуралари мавжудлиги ҳамда малакали кадрларнинг салоҳияти ошиб бораётганини эътироф этиб ўтди. 2014 йилнинг "Соғлом бола йили" деб эълон қилиниши муносабати билан тизимдаги фаолиятларни янада изчиллик билан олиб бориш муҳимлиги ва бу борада Давлат дастурида белгиланган вазифаларни амалга оширишда тиббиёт ходимларининг алоҳида ўрни борлигини таъкидлади.
Кун тартибидан ўрин олган биринчи масала бўйича Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Анвар Алимов сўзга чиқиб, асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида жорий йилнинг 1-чорагида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2014 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифалари бажарилиши хусусида ўз фикрларини қуйидагича баён этди:
– Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 18 апрелдаги жорий йилнинг биринчи чорагида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2014 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифалари бажарилиши натижалари тўғрисидаги мажлисида қайд этилганидек, 2014 йилнинг 17 январидан республика ҳукумати мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан белгилаб берилган 2014 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларини амалга ошириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг биринчи чорагида макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодиёт ўсишининг юқори суръатлари таъминланди. Айтиш муҳимки, жорий йилнинг биринчи чорагида мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 7,5 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 8,9 фоизга, шу жумладан истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми 12,8 фоизга, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш 6.2 фоизга, хизматлар ҳажми 11,8 фоизга, чакана товар айланмаси ҳажми 14,3 фоизга ўсди. Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,2 фоиз миқдорда профицит билан ижро этилди. Инфляция даражаси прогноз параметрлардан ошмаган. Ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 12,4 фоизга ўсиб, улар таркибида хорижий инвестициялар ва кредитлар улуши 23 фоизгача кўпайди. 510 та янги объект ишга туширилди, 37 та Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тугалланди. Инвестиция фаоллигининг ўсиши пудрат қурилиши ишлари ҳажмлари 15,5 фоиз кўпайишига кўмаклашди. Тармоқли ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш чора-тадбирларини амалга ошириш давом эттирилди. Бу эса республиканинг экспорт ҳажмлари 8,4 фоизга ўсишини таъминлади. Янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини ошириш дастури доирасида йил бошидан буён 227,9 мингта янги иш ўринлари ташкил этилди, улардан 137 мингтадан ортиғи ёки 60,3 фоизи қишлоқ жойларда ташкил қилинди.
Жисмонан соғлом, маънавий етук ва баркамол ўсиб келаётган авлодни вояга етказиш бўйича "Соғлом бола йили" Давлат дастурида назарда тутилган тадбирларни фаол амалга ошириш бошланди. Мазкур йиғилишда соғлиқни сақлаш тизими объектларини ўз вақтида қуриш ва реконструкция қилиш ишларига жиддий эътибор қаратиш зарурлиги таъкидлаб ўтилди. Вазирлар Маҳкамасининг мажлис баёни ижросини таъминлаш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2014 йилги асосий устувор йўналишлари қайта кўриб чиқилиб, чора-тадбирлардан иборат бўлган ҳаракат дастури асосида фаолият олиб боришимиз учун қуйидаги вазифаларни бажаришимиз муҳим. Жумладан, бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасалари, шошилинч тиббий ёрдам, ихтисослаштирилган марказлар ва ижтимоий аҳамиятга эга касалликларни даволаш муассасалари фаолиятини такомиллаштириш борасида ҚВП ҳамда оилавий поликлиникаларда фаолият олиб бораётган тиббиёт ходимларининг юклама меъёрлари бўйича ишни ташкиллшатириш мақбуллаштирилаётган 243 та ҚВПда ташкилий тадбирлар, хусусан, аҳолини қайта бириктириш, тиббиёт ходимларини ишга жойлаштириш бўйича чора-тадбирларни охирига етказиш, республиканинг Жомбой, Бўстонлиқ, Шаҳрисабз, Хива ва Ўзбекистон туманларида тажриба тариқасида патронаж ҳамширалари томонидан кўрсатилаётган тиббий ёрдам тўлиқлиги ва профилактик тадбирлар сифатининг якуний натижаларига асосан баҳолаш тизимини жорий қилиш.
Шунингдек, аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича тасдиқланган тармоқ жадвали аосида касалликларни ўз вақтида аниқлаш, вилоят муассасалари, кўп тармоқли марказий поликлиникалар, ҚВП ва оилавий поликлиникаларнинг узвийлиги ҳамда амалга оширилаётган ишлар бўйича ҚВП, оилавий ва марказий кўп тармоқли поликлиникалар раҳбарларининг маҳаллаларда ҳисобот беришини таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 28 ноябрдаги "Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 1652-сонли Қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 29 мартдаги "Тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш ва фаолиятини ташкил этишни такомиллаштриш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 91-сонли қарори асосида тизимдаги тиббиёт муассасаларининг тармоғи ва шифо ўринлар фондини мақбуллаштириш. Юқоридаги қарорлар ижроси бўйича Республика онкология илмий маркази томонидан туман даражасидан республика даражасигача онкологик беморлар бўйича яратилган ягона ахборот маълумотлар базаси фаолиятини ташкил этиш. Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 июлдаги "Ўзбекистон Республикаси психиатрия хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 207-сонли қарори ижросини таъминлаш. Вазирликнинг тегишли буйруғига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар силга қарши кураш муассасаларида ихтисослашган комиссия ва мажбурий даволаш бўлимлари фаолиятини ташкил қилиш. Сил касаллиги мультирезистент шаклларининг эрта диагностикасини йўлга қўйиш, аниқлаш ва бир беморга 6 минг АҚШ долларига тенг бўлган миқдорда келтирилган махсус дори-дармонлар билан даволаш тадбирларини ўтказиш, сил касаллигидан ўлим ҳолатларини тўлиқ тугатишга эришиш. Республика ихтисослаштирилган марказлар ва шифохоналарда даволаш-диагностика фаолиятини тасдиқланган стандартлар асосида олиб бориш ва клиник протоколларни ишлаб чиқиб, амалиётга татбиқ этиш. Республика ҳудудларида, жумладан, вилоят катталар ва болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари, вилоят шифохоналарида ихтисослаштирилган марказлар малакали мутахассислари, профессорлари томонидан касалликларда юқори технологияларни қўллаш бўйича маҳорат мактаблари ўтказиш орқали кадрлар малакасини оширишга эришиш.
Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазири юқоридаги йўналишлар қаторида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аҳоли репродуктив саломатлиги, иш юритиш ва ижро интизоми, тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва касбий малакасини ошириш, фан ва ўқув юртлари фаолиятини мувофиқлаштириш, республика ҳудудига қўшни бўлган давлатлардан карантин ва ўта хавфли юқумли касалликлар кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, тиббиёт муассасаларини молиялаштириш ва бюджетдан ташқари маблағлар кўламини ошириш, нодавлат тиббиёт муассасалари фаолиятини такомиллаштириш ва назорат қилиш, тиббиёт муассасаларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, халқаро алоқаларни ривожлантириш бўйича ҳам муҳим вазифаларни амалга ошириш зарурлигини алоҳида қайд этди.
Навбатдаги масала, яъни "Фарғона вилоятида аҳолига кўрсатилаётган тиббий санитария ёрдами ҳолати" бўйича вазирликнинг даволаш-профилактика ёрдамини кўрсатиш бош бош¬қармаси бошлиғи ўринбосари Анвар Ҳусанов ўз фикрларини билдириб, тизимдаги самарали ишларга алоҳида эътибор қаратиб, аҳоли орасида ўтказилаётган чуқурлаштирилган тиббий кўрикларнинг ижобий томонлари хусусида тўхталиб, унинг натижасида аҳоли орасида айрим касалликлар кўрсаткичи яхши томонга ўзгаргани ҳамда тиббий хизмат сифати ошганини айтиб ўтди. Амалдаги ютуқлар билан бир қаторда, мавжуд камчиликлар борлигини таъкидлаб, Давлат дастури ижросини тўлақонли бажаришда тиббиёт ходимлари ўз билим ва тажрибаларини ишга солган ҳолда кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда иш олиб бориш бугуннинг асосий талаби эканлигига алоҳида урғу берди.
"Соғлом бола йили" Давлат дастури ижроси юзасидан "Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом ва баркамол авлодни шакллантириш борасида" амалга оширилган тадбирлар тўғрисида вазирликнинг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бош бошқармаси бошлиғи Саидмурод Исмоилов жорий йилда Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш тизимида Давлат дастури ижроси бўйича амалдаги фаолиятларга тўхталиб, аҳоли орасида мунтазам олиб борилаётган "Саломатлик", "Соғломлаштириш ҳафталиклари" самарали кечаётгани, шунингдек, бирламчи тизимда аёллар ва болалар саломатлигига қаратилаётган эътибор туфайли турли касалликларнинг олди олинаётгани, айниқса, патронаж ҳамшираларининг оилаларда бўлиб, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишлари натижасида соғлом онадан соғлом фарзандлар дунёга келаётгани, шу билан бирга, исталмаган ҳомиладорликнинг олдини олишда эришилаётган ижобий ишларга эътибор қаратди. Ва келгусидаги вазифаларни янада изчиллик билан бажариш тиббиёт ходимларидан катта масъулият ҳамда фидойилик талаб қилиши бугунги куннинг асосий мезонига айланганини айтиб ўтди.
Вазирликнинг иқтисодиёт, молиялаштириш ва истиқболни аниқлаш бош бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Ҳошимов Вазирлар Маҳкамасининг 37-сонли қарори ижроси юзасидан Фарғона вилоятида амалга оширилаётган ишлар ва мавжуд муаммолар тўғрисида атрофлича тўхталиб, Давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлардан оқилона фойдаланиш бўйича ўз фикрларини билдириб, вилоятнинг айрим тиббиёт -муассасаларида бу борадаги ишларда мавжуд камчиликлар борлигини таъкидлади.
Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Марат Содиқов "Фарғона вилоятида аҳолига тиббий санитария ёрдами кўрсатиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф қилиш юзасидан маҳаллий ҳокимликлар ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан амалга оширилаётган тадбирлар тўғрисида" маъруза қилиб, кейинги йилларда вилоят тиббиёт тизимида Инвестиция дастури асосидаги фаолиятлар изчиллик билан олиб борилаётгани, шунингдек, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат даражаси ошаётгани, ўтказилаётган чуқурлаштирилган тиббий кўриклар натижасида касалликларни эрта аниқлаш, тўғри ташҳис қўйиш ҳамда соғломлаштириш ишларининг давомийлиги инсонлар саломатлиги ва уларнинг турмуш фаровонлигини янада яхшилашда муҳим омил бўлаётганига атрофлича тўхталди. Шу билан бирга, тизимдаги мавжуд камчилик ва муаммоларни бартараф этишда маҳаллий ҳокимликлар, ташкилотлар ёрдам бераётганини эътироф этди.
Вазирликнинг қўшма ҳайъат йиғилиши билан ҳамоҳанг тарзда ўтказилган Фарғона вилоятида "Аҳоли репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш, бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасалари фаолиятини такомиллаштириш" мавзусидаги республика семинари доирасида вазирлик мутахассислари иштирокида 23-24 апрель кунлари ҚВП, кўптармоқли ва оилавий поликлиника тиббий ходимлари учун "Аҳолига кўрсатилаётган профилактик йўналишдаги тадбирларни такомиллаштириш чора-тадбирлари" мавзусида 5 та ҳудудий амалий семинарлар ташкиллаштирилди ва семинарда 1600 нафарга яқин тиббий ходимлар иштирок этди.
Куннинг иккинчи ярмида тадбир иштирокчилари секцияларга бўлинган ҳолда муҳим масалалар бўйича иш олиб бордилар. Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳри ва вилояти соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Қишлоқ врачлик пунктларини янада мақбуллаштириш фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 2014 йил 5 мартдаги 50-сонли қарори ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилган ишлар таҳлили бўйича ўзаро фикр алмашдилар.
Фарғона, Андижон, Наманган вилоятлари соғлиқни сақлаш бошқармаларининг амбулатор-поликлиника хизмати бўйича бош мутахассислари, туман тиббиёт бирлашмаси бошлиқлари, қишлоқ врачлик пунктлари координаторлари, туман кўп тармоқли марказий поликлиника ва қишлоқ врачлик пунктлари мудирлари "Аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдамини ташкиллаштириш, айниқса, профилактика йўналишидаги тадбирларни амалга оширишда мавжуд муаммолар ва уларни бартараф қилиш масалалари хусусида" мулоҳаза юритиб, бир қанча таклиф ва тавсияларни ўртага ташлашди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги етакчи мутахассислари томонидан туман кўп тармоқли марказий ва оилавий поликлиника ҳамда ҚВП ўрта тиббиёт ходимлари учун "Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида ўрта тиббиёт ходимларининг аҳолига кўрсатилаётган профилактик йўналишдаги тадбирларни амалга оширишдаги вазифалари бўйича" семинар ўтказилиб, иштирокчиларга муҳим тавсия ва маслаҳатлар берилди.
Тадбир жараёнида йиғилиш иштирокчилари Марғилон шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармасига қарашли 1-оилавий поликлиника фаолияти билан яқиндан танишдилар.
– Республика семинари доирасида ўтказилган барча йиғилишлар бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасалари ходимларининг аҳолига бирламчи тиббий ёрдам кўрсатишда билим ва кўникмаларини такомиллаштиришга хизмат қилади, – дейди вазирликнинг даволаш-профилактика ёрдамини кўрсатиш бош бошқармаси мутахассиси Барно Одилова.
Кун тартибидан ўрин олган асосий масалалар бўйича вазирликнинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Ибодат СОАТОВА. Суратлар муаллифи Анвар САМАТХОДЖАЕВ.
Манба : uzssgzt.uz