UZ RU
24.04.2014

Инновациялар ярмаркаси: якун ва истиқболлар

VII Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси якунланди

Мамлакатимиз олимлари ва мутахассислари томонидан яратилган янгиликларни жорий этиш борасида қиймати қарийб 14,1 миллиард сўмлик 320 дан ортиқ шартномалар тузилди. Бу 23-25 апрель кунлари пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ”да бўлиб ўтган ярмарканинг дастлабки натижаларидир.

Анъанавий ярмарка Президентимиз Ислом Каримов томонидан белгилаб берилган инновацион иқтисодиётни кенгайтириш, ишлаб чиқаришни, биринчи навбатда, реал сектор тармоқларини янада модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш борасидаги вазифалар ижроси доирасида ўтказилди.

Жорий йилги ярмарка 1,5 мингдан зиёд иштирокчи – вазирликлар, идоралар, банк сектори, иқтисодиётнинг барча тармоқлари корхоналари, жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермер хўжаликлари, Фанлар академиясининг илмий-тадқиқот институтлари, олий таълим муассасалари вакиллари, шунингдек, алоҳида ихтирочиларни бирлаштирди. Саноат, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ва фармакология, ахборот-коммуникация технологиялари, фан ва таълим соҳаларини ривожлантиришга йўналтирилган қарийб 500 ишланма, инновацион ғоя ва лойиҳалар намойиш этилди.

“Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси корхоналари Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси институтлари ва олий ўқув юртлари билан янги технологияларни жорий этиш бўйича бир неча миллиард сўмлик шартномалар имзолади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Умумий ва ноорганик кимё институти “Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи” унитар шўъба корхонаси учун углеводородли буғланадиган омилни қўллаш орқали нефть-газ конденсати аралашмасини ратификациялашнинг саноат синови ва илмий-техника ҳужжатларини ишлаб чиқиш билан шуғулланади. Микробиология институти “Муборак газни қайта ишлаш заводи” унитар шўъба корхонаси билан ҳамкорликда нефть маҳсулотлари ва тупроқни тозалашнинг экологик тоза биотехнологиясини синовдан ўтказади.

Ярмарка туфайли Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тизимидаги бошқа институтларнинг ҳамкорлари сони ҳам сезиларли даражада ошди. Жумладан, Полимерлар кимёси ва физикаси институтининг инновацион ишланмаларидан саноат, қишлоқ хўжалиги, фармацевтикада кенг фойдаланилмоқда. Тез орада фармацевтика тармоғи корхоналари маҳсулотлари тури Биоорганик кимё ва Ўсимлик моддалари кимёси институтларида маҳаллий хомашёдан тайёрланадиган янги дори препаратлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши билан кенгаяди.

Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси олий таълим муассасаларининг салоҳияти йилдан-йилга ўсиб бораётганидан далолат беради. Талабалик давридаёқ корхоналар буюртмаларини бажаришда фаол иштирок этаётган, ишлаб чиқариш ва мавжуд эҳтиёжни яхши биладиган етук мутахассислар тайёрлаш борасидаги ишлар самарасида шундай натижаларга эришилмоқда. Масалан, жорий ярмаркада Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент давлат техника университети билан умумий қиймати 1,2 миллиард сўмлик 15 шартнома ва келишув имзоланди. Университетнинг инновацион маҳсулотларига буюртма берганлар орасида “Ўзэлектртармоқ” унитар корхонаси, “Ўзметкомбинат” очиқ акциядорлик жамияти, “Сурхон пармалаш ишлари” масъулияти чекланган жамияти, фермер хўжаликлари ва бошқалар мавжуд.

– Инновациялар ярмаркасидаги иштирокимиздан кўнглимиз тўлди, – дейди Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтининг ўсимликларни ҳимоя қилиш лабораторияси бошлиғи Мирхалил Холдоров. – Ярмаркада 4 инновацион ишланмани намойиш этдик. Улар қовун касалликлари ва зараркунандаларига қарши курашиш, сабзавот ва полиз экинларини ўстиришда қора плёнка ва томчилатиб суғориш усулидан фойдаланиш, картошка етиштиришда микробиологик ўғитларни қўллаш, сабзавот экинлари кўчатларини махсус кассеталарда ўстиришга йўналтирилган. Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга ёрдам берадиган ушбу инновацион технологияларга, айниқса, фермерлар кўпроқ қизиқиш билдирди.

Ярмарка иштирокчилари мамлакатимизда инновацион иқтисодиётни шакллантиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди. Ярмарка доирасида инновацион фаолиятни ахборот билан таъминлашни такомиллаштириш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди. Шунингдек, ўтказилган давра суҳбатларида муқобил энергетикани ривожлантириш истиқболлари ва ёш олимлар ҳамда талабаларни инновацион фаолиятга жалб этишни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Шу тариқа ярмарка амалий илм-фан ва иқтисодиётнинг реал сектори ўртасидаги кооперациянинг яққол намунасига айланди. Тадбир иқтисодиётимизнинг барча тармоқларини инновацион ривожлантиришга, мамлакатимизнинг илмий-техника ва ишлаб чиқариш салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади.