Хавфсиз ва соғлом меҳнат шароитини яратиш ҳамкорлик муносабатларида бош мезони
Жорий йилнинг 28 апрель куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашитомонидан “Ходимларга хавфсиз ва соғлом меҳнат шароитлари яратилишида ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш” мавзусидаги Давра суҳбати ўтказилди.
Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш кунига бағишланган мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар, Қурилиш ва савдо масалалари қўмиталари, алоқадор вазирлик ва идоралар, Давлат қўмиталари вакиллари, иш берувчилар бирлашмалари, корхона, ташкилот ва муассасаларнинг меҳнат муҳофазаси бўйича мутахассислари, касаба уюшма фаоллари, шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича Бюроси экспертлари иштирок этдилар.
Давра суҳбатида мамлакатимизда ходимларнинг меҳнати муҳофазаси, уларга хавфсиз, қулай ва муносиб меҳнат шароитлари яратиш масалаларига эътиборнинг йил сайин кучайиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, меҳнат муҳофазаси маданиятини ривожлантириш, ходимларга нормал меҳнат шароитларини яратиш, корхона ва ташкилотлардаги меҳнат муҳофазаси ҳолатини янада яхшилаш, ишлаб чиқаришдаги жароҳатланиш ва касб касалликларининг олдини олиш борасида ижтимоий шерикликни янада ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Маълумки, мамлакатимиз Мустақиллигининг илк кунлариданоқ барча соҳаларда техник ва технологик янгиланиш ва модернизация ишларига алоҳида эътибор қаратилиб, меҳнатни муҳофаза қилиш маданиятини ривожлантириш масалалари илгари суриб келинмоқда. Шунингдек, режали равишда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ишлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг V- Қурултойидан сўнг касаба уюшмалари фаолиятини такомиллаштириш мақсадида Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси”дан келиб чиққан ҳолда белгилаб олинган устувор йўналишлар қаторидан ходимлар меҳнатини муҳофаза қилиш ва бунда албатта асосий эътиборни профилактика ишларига қаратиш масаласи алоҳида ўрин олган. Шу боис ўтган йиллар давомида меҳнат муҳофазаси йўналишида олиб борилаётган ишлар сифати ва самарадорлигини ошириш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилди. Хусусан, Федерация Кенгаши ҳамда ҳудудий ва тармоқ касаба уюшмаларида Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати тизими ишга туширилди. Улар фаолиятининг асосий мезони этиб меҳнатда жароҳатланиш ва касб касалликларининг олдини олиш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ва иш берувчилар масъулиятини янада ошириш масалалари белгиланган. Бу борадаги ишларни янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Санитария, гигиена ва касб касалликлари илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорликда “Касб касалликларининг олдини олиш юзасидан тиббиёт профилактика муассасалари ва касаба уюшмаларининг тавсиялари” ишлаб чиқилди. Давра суҳбатида ходимлар меҳнати муҳофазасини самарали таъминлашда касаба уюшмалари, иш берувчилар, давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамкорлиги самарасини кучайтириш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир иштирокчилари томонидан мамлакатимизда меҳнат муҳофазаси, соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитлари яратишга оид норматив-ҳуқуқий негизнинг такомиллаштириб борилиши натижасида қатор масалаларни ижтимоий шериклик асосида ҳал этиш имкони яратилганлиги алоҳида эътироф этилди. Шунингдек, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоялашда давлатнинг энг яқин ижтимоий ҳамкори ҳисобланган касаба уюшмаларининг ходимлар меҳнатини муҳофаза қилиш борасида ҳамкор ташкилотлар билан олиб бораётган ишларига алоҳида тўхталинди.
Мазкур йўналишлардаги ишларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Савдо-саноат палатаси ўртасида имзоланган Бош келишув муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу ҳужжат жойлардаги ҳудудий ва тармоқ келишувлари ҳамда энг қуйи бўғинда амалда қўлланилаётган жамоа шартномалари мазмун-моҳиятини давр талаби асосида бойитиш, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоясини ҳамда меҳнати муҳофазасини кучайтириш имконини берди. Хусусан, қатор тармоқ касаба уюшмалари Марказий кенгашлари иштирокида тузилган жамоа келишувларига меҳнат муҳофазаси ва меҳнат шароитларини яхшилашга қаратилган салмоқли тадбирлар киритилиб, амалий натижаларга эришилмоқда. Шунингдек, давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ижтимоий ҳамкорликнинг самарали ижро механизмини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳамда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ўртасидаги қўшма тадбирлар режасига биноан меҳнатни муҳофаза қилиш йўналишидаги ишлар самарасини ошириш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Федерация Кенгаши томонидан Жамоа шартномаларидаги “Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими” аввалгидек барча тармоқларга бир хил қолипда эмас, ҳар бир тармоқнинг ўз хусусиятидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилиб, тавсия этилди. Яъни, Республикамизда хўжалик бошқарув тизими ўзгариши, кўпчилик корхоналар бозор иқтисодиётига ўтиши билан уларда мулкчилик шаклининг ўзгариши ҳамда корхона, ташкилот ва муассасаларни молиялаштириш манбалари ўзгариши муносабати билан давлат ташкилотлари, соғлиқни сақлаш ва мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари ҳамда олий ўқув юртлари ва коллежлар учун ўз йўналишлари, хусусиятлари, имкониятлари ва норматив ҳужжатлар базаларидан келиб чиқиб, жамоа шартномаларининг алоҳида-алоҳида макетлари ишлаб чиқилди ҳамда бошланғич касаба уюшма ташкилотларига қўлланма сифатида тавсия этилди.
Шунингдек, меҳнатни муҳофаза қилиш масалаларини ташкил этишга алоқадор вазирлик ва идораларга берилган таклифлар натижасида жамоа шартномалари учун “Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлимининг кенгайтирилган намунаси” ва “Меҳнатни муҳофаза қилиш тадбирларини режалаштириш бўйича тавсиялар” ишлаб чиқилиб, ҳар бир корхона ва ташкилотга етказилди. Таъкидлаш лозимки, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ижтимоий ҳамкорлик самараси ўлароқ “Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланиши орқали ходимларни дастлабки тарзда ва кейинчалик вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби белгиланишига эришилди.
Манба : gazeta.uz