UZ RU
19.04.2014

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлиси тўғрисида ахборот

2014 йил 18 апрелда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг I чорагида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари муҳокамасига ва шу йил 17 январда республика Ҳукуматининг мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан белгилаб берилган 2014 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим вазифалари ва устуворликларини амалга оширишни баҳолашга бағишланган мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда иқтисодиёт ўсишининг барқарор юқори суръатларини, бунинг учун энг аввало инвестиция иқлими ва тадбиркорлик муҳитини тубдан яхшилаш, ишлаб чиқаришларни технологик жиҳатдан янгилашни жадаллаштириш, мамлакатнинг экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш ва инфратузилмани жадал ривожлантириш ҳисобига мавжуд захиралар ва имкониятларни сафарбар қилишни таъминлайдиган иқтисодиётни ривожлантириш ва модернизациялашнинг қабул қилинган стратегиясини амалга ошириш ишларининг натижалари ҳар томонлама кўриб чиқилди ва танқидий таҳлил қилинди. Шунингдек, аҳоли бандлиги ва фаровонлиги даражасини янада ошириш масалалари мажлис иштирокчиларининг диққат марказида бўлди.

Жаҳон иқтисодиёти ривожланишида муаммолар ва хавф-хатар мавжудлигига қарамай, 2014 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим вазифалари ва устуворликларини изчил ва мақсадга йўналтирилган тарзда амалга ошириш туфайли Ўзбекистонда иқтисодий ўсишнинг барқарор юқори суръатларини сақлаб қолиш, мамлакат иқтисодиётини модернизациялаш ва диверсификациялашни янада чуқурлаштириш таъминланаётганлиги қайд этилди.

Жорий йилнинг биринчи чорагида мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 7,5 фоизга ўсди. Саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 8,9 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 6,2 фоизга, хизматлар кўрсатиш 11,8 фоизга кўпайди. Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,2 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилди. Инфляция даражаси прогноз параметрлардан ошмади.

Саноат тармоқларини ривожлантириш устуворликларини амалга ошириш, шунингдек, ички талабни мувозанатли рағбатлантириш ва ички бозорни рақобатбардошли маҳаллий маҳсулотлар ва хизматлар билан янада тўлиқроқ тўлдириш чора-тадбирлари истеъмол маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 12,8 фоизга, чакана товар айланмаси ҳажми 14,3 фоизга ва хизматлар кўрсатиш ҳажми 9,1 фоизга кўпайишига кўмаклашди. Саноат ишлаб чиқаришининг умумий ҳажмида истеъмол маҳсулотлари улуши 2013 йилнинг биринчи чорагидаги 29,5 фоиз ўрнига 34,4 фоизгача кўпайди.

Жисмонан соғлом, маънавий етук ва баркамол ўсиб келаётган авлодни вояга етказиш бўйича "Соғлом бола йили" Давлат дастурида назарда тутилган тадбирларни фаол амалга ошириш бошланди. Ушбу тадбирларни молиялаштиришга жорий йилнинг биринчи чорагида барча манбалар ҳисобига қарийб 1 триллион сўм миқдорида маблағ йўналтирилди.

Мажлиснинг кун тартибидаги масалаларни муҳокама қилиш давомида “бизнес билан шуғуллан” тамойили бўйича ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга йўналтирилган амалий чора-тадбирларни таҳлил қилиш ва ишлаб чиқишга, ушбу мақсадларда иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишни жадаллаштиришга, интерактив давлат хизматлари кўрсатиш кўламларини кенгайтиришга алоҳида эътибор берилди. Ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар фақат жорий йилнинг биринчи чорагида кичик бизнеснинг 7,3 мингта янги субъектларини ташкил этишга кўмаклашганлиги қайд этилди. Ҳисоботларни алоқанинг электрон йўллари бўйича топширишнинг юзма-юз алоқасиз шаклларини фаол жорий этиш натижасида бугунги кунда тадбиркорлик субъектлари солиқ ҳисоботларининг 95 фоизини, статистика ҳисоботларининг 88,6 фоизини электрон шаклда топширмоқда. Божхона юк декларацияларининг 95 фоизга яқини электрон усулда расмийлаштирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2014 йил 7 апрелда қабул қилинган Фармонида назарда тутилган қўшимча дастурий чора-тадбирларни амалда бажариш, шу жумладан, янги имтиёзлар ва преференцияларнинг кенг доираси, ҳар хил лицензия ва рухсат берувчи тартиб-таомилларнинг муддатларини тубдан қисқартириш, соддалаштириш ва арзонлаштириш хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, бизнесни юритиш, иқтисодиётга маҳаллий ва хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш учун шарт-шароитларни янада яхшилаш борасида навбатдаги муҳим босқич бўлиши алоҳида таъкидланди.

Шу муносабат билан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, барча даражадаги ҳокимликлар раҳбарлари олдига тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиб-қоидаларни янада такомиллаштириш бўйича мамлакат Президентининг 2014 йил 15 апрелдаги ПҚ-2164-сон Қарори талаблари сўзсиз бажарилишини таъминлашга доир аниқ вазифалар қўйилди. Лицензия ва рухсат бериш тартиб-тамойилларининг электрон шаклларига ўтишни жадаллаштириш, шунингдек, уларнинг сонини ва ҳужжатларни бериш муддатларини қисқартириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Мажлисда иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларида ишлаб чиқаришларни модернизациялаш ва технологик жиҳатдан янгилашни жадаллаштириш, шунингдек, зарар кўриб ишлаётган, иқтисодий ночор ва паст рентабелли корхоналарни молиявий соғломлаштириш бўйича “йўл хариталари”ни амалга ошириш юзасидан протокол топшириқлари бажарилишининг ҳолати пухта таҳлил қилинди. Кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг биринчи чорагида ўзлаштирилган капитал қўйилмалар ҳажми 12,4 фоизга ўсди. Ўзлаштирилган капитал қўйилмалар таркибидаги хорижий инвестициялар ва кредитлар улуши 23,3 фоизгача кўпайди. 510 та янги объект фойдаланишга топширилди, 37 та йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тугалланди. Инвестиция фаоллигининг ўсиши қурилиш-пудрат ишлари ҳажмлари 15,5 фоизга кўпайишига кўмаклашди.

Хўжалик бирлашмалари ва йирик корхоналар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари раҳбарларига янги юқори технологик ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, ишлаб турган қувватларни модернизациялаш ва технологик жиҳатдан янгилаш, шунингдек, объектларни белгиланган муддатларда ишга тушириш бўйича инвестиция лойиҳаларини жадал амалга оширишни таъминлайдиган комплекс қўшимча чора-тадбирларни қабул қилиш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига фойдаланилмаётган ер участкалари ва ишлаб чиқариш майдонларида янги замонавий корхоналар ташкил этиш ва тадбиркорлик субъектларига бериш учун уларни пухта хатловдан ўтказишни таъминлаш топширилди. Шу билан бирга, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги билан биргаликда зарар кўриб ишлаётган, иқтисодий ночор ва паст рентабелли корхоналарни молиявий соғломлаштириш бўйича тасдиқланган “йўл хариталари”ни амалга ошириш устидан таъсирчан назоратни таъминлаш топширилди.

Мажлисда маҳсулот экспорти ҳажмларини кўпайтириш ва турларини кенгайтириш, тузилмасини ва сотиш бозорларини диверсификациялаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларнинг натижадорлигини батафсил таҳлил қилишга қаттиқ эътибор берилди. Жаҳон бозорларида конъюнктура барқарор эмаслигига қарамай, маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш ва ташқи сотиш бозорларини диверсификациялаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар жорий йилнинг биринчи чорагида экспорт ҳажмлари 8,4 фоизга ўсишини таъминлаганлиги алоҳида таъкидланди. Шу билан бирга, мажлис қатнашчилари олдига маҳсулотлар экспорти турлари ва ҳажмларини кенгайтириш, ташқи бозорларда уларнинг рақобатбардошлилигини ошириш учун комплекс амалий чора-тадбирлар кўриш вазифаси қўйилди.

Мажлисда инфратузилмани, транспорт ва коммуникация қурилишини жадал ривожлантириш, қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойларни сифатли ва ўз вақтида қуришни таъминлаш дастурлари бажарилиши ҳар томонлама ва чуқур таҳлил қилинди. Жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон миллий автомагистрали таркибига кирувчи автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича 63,5 миллиард сўмлик ишлар бажарилди. Замонавий технологиялар бўйича кенг полосали 150 километр тола-оптик тармоқлар ётқизилди.

Мажлис қатнашчиларининг эътибори жорий йилда қишлоқ турар жой массивларида намунавий лойиҳалар бўйича 11 мингта янги шинам уйларни қуриш ва фойдаланишга топшириш, шунингдек, ушбу массивларда ижтимоий ва бозор инфратузилмасининг замонавий объектларини қуриш ишларини жадаллаштириш зарурлигига қаратилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига республика минтақаларида иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларида қурилиш ишларининг ўсиб бораётган ҳажмларини ҳисобга олган ҳолда 2014 йилда замонавий қурилиш техникаси билан жиҳозланган 20 та кучли ихтисослаштирилган қурилиш-пудрат ташкилотларини ташкил этиш учун зарур чора-тадбирлар кўриш топширилди.

Мажлисда янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш, шунингдек, қишлоқ аҳолисига тиббий хизмат кўрсатишни яхшилаш бўйича ҳудудий дастурларнинг бажарилиши ҳолатини ҳар томонлама таҳлил қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан тасдиқланган 2014 йилда янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини ошириш дастури доирасида жорий йилнинг бошидан бошлаб 227,9 мингта янги иш ўринлари, улардан 137 мингтаси ёки 60,3 фоизи қишлоқ жойларда ташкил этилганлиги қайд этилди.

Ушбу масалани муҳокама қилиш мобайнида тасдиқланган мақсадли параметрларга мувофиқ янги иш ўринларини ташкил этиш ва ҳисобга олиш ишларини ташкил этишда камчиликларга йўл қўйган бир қанча туманлар ва шаҳарлар раҳбарларининг фаолияти қаттиқ танқид қилинди. Барча даражалардаги ҳокимликлар, хўжалик бошқаруви органлари, корхоналар, тегишли вазирликлар ва идораларнинг раҳбарлари олдига янги иш ўринлари ташкил этиш параметрларига эришишни сўзсиз таъминлаш, шунингдек, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини эгаллаган мутахассисликларига мувофиқ иш билан таъминлаш бўйича аниқ вазифалар қўйилди.

Кун тартибидаги масалалар бўйича республика вазирликлари, идоралари, хўжалик бирлашмалари, йирик корхоналар ва вилоятлар ҳокимликлари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди. Республика Ҳукумати мажлиси кун тартибига қўйилган масалаларни муҳокама қилиш якунлари бўйича 2014 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг энг муҳим устувор вазифалари бажарилишини таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирлар белгиланган тегишли қарорлар қабул қилинди.

Манба : uza.uz