Болалар саломатлиги йўлида
Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникасида Корея Республикасининг “Junior Chamber International – JCI” халқаро ёшлар ташкилоти вакиллари, Ча университети қошидаги “Пундан Ча” госпитали врачлари ва юртимиз шифокорлари юрагида туғма нуқсони бор болаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказди.
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ёш авлодни соғлом ва баркамол этиб вояга етказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимизда Соғлом бола йили деб номланган жорий йилда бу борадаги хайрли ишлар кўлами янада кенгаймоқда.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси болалар саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида кўплаб тиббий-ижтимоий лойиҳаларни амалга оширмоқда. Хорижий тиббиёт муассасалари билан ҳамкорликда ўтказилаётган тиббий кўрик ва муолажалар касалликларнинг олдини олиш, болаларни соғломлаштириш, ўзаро тажриба алмашишда муҳим омил бўлмоқда. Хусусан, Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти, Жанубий Кореянинг “Save the Children” халқаро жамғармаси, KOFIH жамғармаси, Ча университети қошидаги “Пундан Ча” ва Инха университети госпиталларида бемор болалар бепул соғломлаштирилмоқда.
“Junior Chamber International – JCI” халқаро ёшлар ташкилоти, Ча университети қошидаги “Пундан Ча” госпитали билан ҳамкорликда ташкил этилган навбатдаги ана шундай тадбир доирасида малакали шифокорлар болаларни умумий чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказди.
– Ўзбекистонда жорий йил Соғлом бола йили деб эълон қилинганидан хабаримиз бор, – дейди “Пундан Ча” госпитали профессори Лим Санг Ёнг. – Шу муносабат билан қабул қилинган Давлат дастури доирасида болаларнинг соғлом туғилишига эришиш ва уларни соғлом вояга етказиш борасида изчил ишлар амалга оширилаётгани эътиборга молик. Ушбу педиатрия институти клиникасида ҳам болаларни соғломлаштириш учун замонавий шарт-шароит яратилган экан. Бу тиббий кўрикни аниқ ва самарали ўтказиш имконини берди.
Тиббий кўрик жараёнида хасталиги аниқланган болалар мамлакатимиз шифохоналари ва Жанубий Корея клиникаларида соғломлаштирилади.
Манба : uza.uz