Нейрохирургиянинг долзарб масалалари
Бухорода нейрохирургиянинг долзарб масалаларига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда Япония, Ҳиндистон, Малайзия, Россия, Қозоғистон каби мамлакатлардан етакчи мутахассислар иштирок этди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика Нейрохирургия илмий маркази ва Нейрохирурглар ассоциацияси томонидан ташкил этилган анжуманда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани алоҳида таъкидланди.
– Илмий ва амалий йўналишлар уйғунлашган пухта тизим яратилгани касаллик келиб чиқиши омилларини аниқлаш ва уни замонавий усулларда бартараф этишда муваффақият омили бўлмоқда, – дейди Республика Нейрохирургия илмий маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Ғайрат Қориев. – Ҳозирги пайтда баъзи мураккаб жарроҳлик амалиётлари вилоятларда, хусусан, Андижон, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида муваффақиятли амалга оширилмоқда. Тизимда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланилаётгани яхши самара бераётир. Бу ўринда “телемедицина” орқали ўта мураккаб жарроҳлик ишини бажариш олдидан зарурат туғилганда, хориждаги ҳамкорларимизга интернет орқали мурожаат қилиб, операция объекти тасвирини жўнатган ҳолда маслаҳатлашамиз.
Конференцияда маҳаллий ва хорижлик мутахассисларнинг бош ва орқа мия, умуртқа поғонаси касалликлари ва жароҳатлари, паркинсон касаллигини даволаш, нейрореанимация муаммоларига бағишланган маърузалари тингланди. Ташхис қўйишга янгича ёндашув, бош мия аневризмаларини даволашда қон оқимини тақсимлайдиган стенларни, ўсма жарроҳлигида интраоперацион сонография усулларини қўллаш, иккиламчи жароҳатлар профилактикаси, жарроҳлик асоратлари олдини олиш юзасидан ўзаро тажриба алмашилди.
– Абу Али ибн Сино таваллуд топган заминда жаҳоннинг таниқли нейрохирурглари билан мулоқот қилиш ғоят фойдали, – дейди малайзиялик Азми Алиас. – Дунёдаги ҳамкасбларим эришаётган ютуқлардан интернет орқали яхши хабардорман. Лекин тажриба алмашиш асносида ўтган бугунги мулоқотнинг фойдасини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Соҳада ечимини кутиб турган масалаларни ҳамкорликда ҳал этиш йўлларини топиш учун бевосита мулоқот қилиш, ўзаро фикр алмашиш яхши натижа беришига ишонаман.
– Анжуман арафасида вилоят кўп тармоқли тиббиёт бирлашмасининг нейрохирургия бўлимида ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан маҳорат дарслари ўтказдик, – дейди япониялик тиббиёт профессори Казухико Нозаки. – Улар тажрибали, ўз ишини яхши биладиган шифокорлар эканини намоён этди. Бу ерда бош ва орқа мия жароҳатларини даволашда юқори натижаларга эришилаётгани бежиз эмас. Ўзбек нейрохирурглари орасида истеъдодли ёшлар кўплиги, айниқса, эътиборга сазовор.
Анжуманда нейрохирургия соҳасидаги халқаро алоқаларни янада ривожлантириш, даволашнинг самарали ва замонавий усулларини кенг татбиқ қилиш, вилоятларда тажрибали шифокор-олимлар иштирокида нейрохирургиянинг барча йўналишлари бўйича маҳорат дарслари ташкил этиш вазифалари белгилаб олинди.
Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи М.Эсонов сўзга чиқди.
Манба : uza.uz