Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитасида Ўзбекистонда БМТнинг Мингйиллик ривожланиш мақсадларини амалга оширишда ахборот соҳасининг ўрнига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси Абдурашид Жўрабоев, Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Акмал Саидов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича изчил ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Ўзбекистонда 2011-2015 йилларда Мингйиллик ривожланиш мақсадларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар комплекси тасдиқлангани бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилаётир.
Ушбу тараққиёт стратегиясини амалга ошириш мақсадида 2010 йил 9 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг, 2011 йил 26 январда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари қабул қилинган. Мажлисда мазкур қарорларда белгиланган вазифаларнинг ижроси юзасидан ахборот тингланди. Таълим, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ахборот технологияларини ривожлантириш борасида эришилаётган ютуқлар ҳақида сўз юритилди.
Мамлакатимиз таълим тизимида замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланилмоқда. Ўқув муассасалари электрон дарсликлар ва методик қўлланмалар билан таъминланмоқда. Шунингдек, экологик ва тиббий маданиятни юксалтириш, юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бу ишларни оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритишга, аҳолининг огоҳлигини ошириш бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари олиб боришга катта эътибор қаратилмоқда. 2013 йилда шу мақсадда 1448 теле ва 4386 радио дастур эфирга узатилди, матбуотда 2650 дан ортиқ мақола чоп этилди. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик вазиятни соғломлаштиришга йўналтирилган 30 дан ортиқ веб-сайт ишлаб турибди. Интерфаол таълим дастурлари, турли адабиётлар, рисола ва плакатлар яратилиб, кенг омма эътиборига тақдим қилинмоқда.
Мажлисда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш орқали таълим сифатини янада юксалтириш, Мингйиллик ривожланиш мақсадларини амалга оширишда Ўзбекистонда эришилаётган ютуқларни оммавий ахборот воситаларида ёритишни янада фаоллаштириш, бу жараёнга фуқаролик жамияти институтларини кенг жалб қилиш муҳимлиги таъкидланди.
Йиғилишда БМТнинг Мингйиллик ривожланиш мақсадларини амалга оширишда давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, фуқаролик жамияти институтлари, ахборот технологиялари соҳаси муассасалари ҳамда оммавий ахборот воситаларининг ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.
Манба : uza.uz