Баркамол авлод – жамият бойлиги
Ҳар бир инсон фарзанди ўзидан кўра яхшироқ, фаровонроқ яшашини истайди ва бунинг учун муносиб ҳаёт шароитларини яратишга интилади. Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш масаласига устувор вазифа сифатида қаралмоқда.
ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бош бошқармаси бошлиғи Файзулла Аҳмедов билан мамлакатимиз таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар самаралари ҳақида суҳбатлашди.
– Истиқлолнинг дастлабки йилларидан Президентимиз раҳнамолигида таълим-тарбия соҳаси, кадрлар тайёрлаш масаласи ҳамда ёшларимиз маънавиятини юксалтириш, янги ижтимоий онгни шакллантириш ғояси устувор йўналишлардан бири этиб белгиланган, – дейди Ф.Аҳмедов. – Таълим-тарбия, кадрлар тайёрлаш соҳасини мутлақо янги асосда ташкил этиш мақсадида «Таълим тўғрисида»ги қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастури қабул қилинди. Мактабгача таълим, умумий ўрта таълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, олий таълим, олий ўқув юртидан кейинги таълим, кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш, мактабдан ташқари таълимдан иборат узлуксиз таълим тизими жорий этилди.
Мамлакатимиз тараққиётига дахлдор долзарб масалаларни ўзида қамраган, дунёда ноёб саналган таълимнинг миллий моделини ҳаётга татбиқ этиш мақсадида қабул қилинган бир қатор давлат дастурлари ижроси натижасида эришилган ютуқлар бугун нафақат халқимиз томонидан, балки халқаро миқёсда ҳам эътироф этилмоқда.
– Таълим тизимида амалга оширилган ислоҳотлар аввало нималарда кўзга ташланади?
– Бугун юртимизнинг ҳар бир шаҳару қишлоғида замонавий лойиҳалар асосида бунёд этилган таълим муассасалари, том маънода, маънавият ва маърифат масканларига айланмоқда. Уларда яратилган кенг имкониятлар, замонавий ўқув воситалари, ахборот-коммуникация технологиялари фарзандларимизнинг илм-фан ютуқларини ўзлаштириши, маънан ҳамда жисмонан баркамол бўлиб улғайишига хизмат қилмоқда. Юртимизда 9+3 тамойили асосида 12 йиллик умумий мажбурий бепул таълим тизими жорий этилган.
Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастури асосида 8501 мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. 351 янги мактаб қурилган бўлса, 2470 таси реконструкция қилинди, 3608 мактаб капитал таъмирланди ва 2072 таси жорий таъмирдан чиқарилди.
Қайта тиклаш ишлари амалга оширилган мактабларнинг 81 фоизи қишлоқларда, 3 фоизи бориш қийин бўлган ҳудудларда жойлашган бўлиб, бу билан шаҳар ва қишлоқ мактаблари орасидаги тафовут бартараф этилмоқда.
Гарчи давлат дастурида белгиланган барча вазифалар ўз вақтида ва ортиғи билан бажарилган бўлса-да, мамлакатимизда умумтаълим мактаблари қурилиши билан боғлиқ ишлар изчил давом эттирилмоқда. Бунинг натижасида 2011-2013 йилларда 428 янги мактаб биноси қурилди, 3006 мактаб биноси ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси мукаммал реконструкция қилинди, 4083 мактабнинг бино ва иншоотлари мукаммал таъмирдан чиқарилди. Ушбу мақсадлар учун жами 2 триллион 129 миллиард сўм маблағ сарфланди.
Қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган ҳар бир таълим муассасасининг замонавий ўқув-лаборатория ускуналари, компьютер техникаси, янги авлод дарсликлари ва ўқув-услубий материаллар билан таъминланишига алоҳида эътибор қаратилди. Масалан, 2004 йилда 14 фоиз мактаб компьютер билан таъминланган бўлса, бугунги кунда энг сўнгги русумдаги компьютерлар билан жиҳозланган мактаблар 9656 тани ташкил этади.
Барча ўқув фанлари бўйича электрон ўқув воситаларининг яратилиши мазкур фанларни ўқитишда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтиради ва ўқувчиларнинг мазкур фанларни чуқур ўзлаштириши самарадорлигини оширади. Умумтаълим мактаблари учун давлат таълим стандартларига мувофиқ юқори самарали мультимедиа иловалари ҳамда электрон ўқув адабиётлари ва қўлланмаларни яратиш дастури доирасида ўқув фанлари бўйича 119 номдаги мультимедиа дастурий воситалари яратилиб, таълим жараёнига муваффақиятли татбиқ этилмоқда.
Халқ таълими вазирлиги ҳузурида Мультимедиа умумтаълим дастурларини ривожлантириш маркази ташкил этилган бўлиб, бугунги кунга қадар марказ томонидан 120 дан ортиқ электрон дарслик, виртуал лаборатория ишлари ва бошқа турли мультимедиали ресурслар яратилиб, ўқув-тарбия жараёнида муваффақиятли қўлланилаётир.
Таъкидлаш жоизки, 1991 йилда мактаб ўқувчиларининг дарсликлар билан таъминланиши 55,4 фоизни ташкил этган. Бу кўрсаткич 2014 йилга келиб 99,4 фоизга етди. 2004-2014 йиллар давомида жами 195 миллион 966 мингдан зиёд нусхада дарслик чоп этилиб, ижара тизими орқали ўқувчиларга етказиб берилди. Шундан муайян қисм дарсликлар давлат ҳисобидан кам таъминланган оила фарзандлари учун бепул ажратилди. Биринчи синф ўқувчиларига ҳар йили 12 хил ўқув қуроллари билан бирга барча дарсликлар Президент совғаси сифатида тақдим этилади.
– Истиқлол фарзандлари – бугунги мактаб ўқувчилари дунёқараши, маънавий оламида юз бераётган ўзгаришлар, истеъдодли ўғил-қизларимиз эришаётган муваффақиятлар тўғрисида ҳам сўзлаб берсангиз.
– Замонавий таълимни ҳар томонлама қулай бино ва иншоотлар, ўқув ва амалий машғулот қуроллари, лаборатория ускуналари, компьютер техникасисиз тасаввур этиб бўлмайди. Бироқ булар соҳа ривожининг бир жиҳати холос.
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда таълим-тарбиянинг мазмун-моҳияти тубдан ўзгарди. Фарзандларимиз халқимизнинг асрлар давомида эъзозлаб келган ўлмас қадриятларини қалбига чуқур сингдириши баробарида, дунёнинг энг илғор фикри билан танишиш, уни таҳлил этиш ва ўз қарашини эмин-эркин шакллантириш имкониятига эришди. Бу ёшларимизнинг тафаккури озод бўлди, унинг уфқлари кенгайди деганидир.
Таълимнинг узвийлигини таъминлаш юзасидан олиб борилган улкан ишлар ўзининг амалий натижаларини бера бошлади. Юртимизнинг истеъдодли ўқувчи-ёшлари халқаро миқёсда ўтказилаётган нуфузли фан олимпиадалари, кўрик-танловлар, фестивалларда юқори натижаларни қўлга киритаётгани Юртбошимизнинг «Фарзандларимиз биздан кўра билимли, кучли, доно ва, албатта, бахтли бўлишлари шарт!» деган эзгу ғояси ҳаётда ўз исботини топаётганига ёрқин далилдир.
Иқтидорли фарзандларимиз халқаро фан олимпиадаларида 20 олтин, 49 кумуш, 88 бронза – жами 157 медални қўлга киритди. 2008 йили Тошкент шаҳрида ўтказилган кимё фани бўйича 42-халқаро Менделеев олимпиадасида иштирок этган 15 нафар ёшларимиз юқори натижа кўрсатиб, 1 олтин, 1 кумуш ва 11 бронза – жами 13 медални қўлга киритгани барчамизни ғурурлантирди. 2013 йилда юртимизда ўтган 47-халқаро Менделеев олимпиадасида ёшларимиз умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.
Президентимизнинг 2008 йил 8 июлдаги «Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009-2014 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида»ги қарори мазкур тизим ривожланишида муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Амалга оширилган ислоҳотлар самарасида болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базаси тубдан янгиланди. Мазкур муассасаларга ўқувчи-ёшларни қамраб олиш кўрсаткичлари ошди, бугунги кунда 52 минг нафарга яқин ёшлар мусиқа ва санъат сирларини ўрганмоқда. Натижа ҳам шунга яраша салмоқли. Мусиқа ва санъат таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўқувчиларимиз дунёнинг кўплаб давлатларидаги нуфузли танловларда иштирок этиб, юқори ўринларни қўлга киритаётгани бунинг амалдаги тасдиғидир.
Ҳозирги кунда халқ таълими тизимида 298 болалар мусиқа ва санъат мактаби ҳамда 3 ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейи фаолият кўрсатмоқда. 2009-2013 йилларда 230 янги болалар мусиқа ва санъат таълим муассасаси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Улар замонавий ва миллий мусиқа чолғулари, мебель ва ускуналар билан тўлиқ таъминланди.
Давлат дастури асосида мусиқа ва санъат таълимига берилаётган юксак эътибор, яратилаётган замонавий шарт-шароитлар натижасида ўқувчиларнинг халқаро танловларда қўлга киритаётган ютуқлари ҳамда ушбу танловларнинг географияси кенгайди. 2008-2013 йилларда 350 нафар истеъдодли ўғил-қиз Франция, Италия, Германия, Буюк Британия, Руминия, Голландия, Польша, Россия, Озарбайжон каби давлатларда ўтказилган турли нуфузли халқаро танловларда иштирок этиб, юксак натижаларга эришди.
– Президентимизнинг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам қисқача тўхталиб ўтсангиз.
– Мазкур қарордан кўзланган асосий мақсад чет тилларни мукаммал биладиган ёшларимиз сафини кенгайтириш, уларнинг халқаро майдонларда ўз салоҳиятини намоён қилиши учун барча шарт-шароитни яратишдан иборат.
Ушбу ҳужжат мамлакатимизда замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўқитишнинг илғор услубларини жорий этиш йўли билан ўсиб келаётган ёш авлодни чет тилларга ўқитиш, хорижий тилларни пухта биладиган мутахассисларни тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, соҳада халқаро ҳамкорлик ва мулоқотни ривожлантириш учун қулай имкониятлар яратмоқда.
Қарор асосида 1-синф ўқувчиларига ҳафтасига икки соатдан чет тили фани ўқитилмоқда. Янги давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурлари асосида 1-синфлар учун инглиз, немис ва француз тилларидан дарсликлар яратилди.
Таълим тизимини янги сифат босқичига кўтариш олдимиздаги энг устувор вазифадир. Жумладан, 2013-2014 ўқув йилидан жорий қилинган чет тилини ўқитиш тизимини қарорда кўзда тутилган даражада ташкил этиш, мактабга қадам қўйган 500 минг нафардан ортиқ ўғил-қиз орқали уларнинг оиласига кириб бориш, мактабгача, умумтаълим ва мактабдан ташқари таълим тизимида чет тилини ўқитишни такомиллаштиришга эришиш лозим. Шу билан бирга, ёш, малакали мутахассислар ҳисобига мавжуд этиёжни қоплаш, чет тили фани ўқитувчилари меҳнатини рағбатлантириш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш долзарб масалалардандир.
Манба : uza.uz