UZ RU
18.04.2014

Соғлом бола тарбиясининг муҳим омили

Нукус шаҳрида cоғлом бола тарбиясида миллий қадриятларнинг ўрни ва аҳамиятига бағишланган илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Маданият ва спорт ишлари ҳамда Адлия вазирликлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлимлари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда таълим муассасалари раҳбарлари, маҳалла фаоллари, имом-хатиблар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари бўйича қўмита раиси О.Юсупов, Республика Байналмилал маданият маркази директори Н.Муҳаммадиев ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида ёшларни эзгу ғоялар атрофида бирлаштириш, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Қорақалпоғистон Республикасида истиқомат қилаётган турли миллат вакилларининг ўзига хос маданияти, дини, урф-одат ва анъаналарини асраш, ривожлантириш учун барча шароитлар яратилган.

– Мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, барқарорлик, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳити Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган оқилона сиёсатнинг амалий самараларидир, – дейди туркман миллий маданият маркази раиси М.Тағонмуратов.

Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида қорақалпоқ, ўзбек, рус, туркман ва қозоқ тилларида таълим берилмоқда. Тўрт тилда 38 номдаги газета ва 9 номдаги журнал чоп этилаётир, уч тилда радио ва теледастурлар эфирга узатилмоқда.

Тадбирда “Ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш – долзарб масала”, “Соғлом бола, соғлом оила – соғлом жамият”, “Ёшларни миллий-маънавий қадриятлар руҳида тарбиялаш – соғлом бола тарбиясининг муҳим омили”, “Маҳалла – кўп миллатли аҳил оила” мавзуларида маърузалар тингланди.

Тадбир доирасида намойиш этилган “Биз – ягона оила фарзандларимиз!” кўргазмаси ва “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” ҳужжатли фильми иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Таниқли санъаткорлар иштирокидаги “Биз сенинг фарзандларингмиз, Ўзбекистон!” концерт дастури йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади.

Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Б.Янгибоев сўзга чиқди.

Манба : uza.uz