UZ RU
02.04.2014

Саломатлик йўлидаги ҳамкорлик

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда маҳалла фуқаролар йиғинларида жамоатчилик ва давлат идораларининг биргаликдаги фаолиятини янада такомиллаштириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ҳамда аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеомулоқот ташкил этилди.

Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, айниқса, оналар ва болалар, ўсмир қизлар соғлиги ҳақида ғамхўрлик кўрсатиш, халқимиз генофондини янада соғломлаштириш масаласи Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида устувор аҳамият касб этади.

“Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида никоҳга кираётган шахсларнинг тиббий кўрикдан ўтишини таъминлаш, ирсий ва туғма касалликларнинг олдини олиш ҳақида кенг тарғибот ишлари олиб бориш, соғлом оилани шакллантириш, оналикни муҳофаза қилишга оид тушунтириш ишларини ташкил этиш, аҳолининг тиббий саводхонлигини юксалтириш бўйича “Соғлом она – соғлом бола” лойиҳасини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштиришда жамоатчилик назорати ўрнатилиб, давлат идоралари ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорликдаги фаолияти кучайтирилмоқда. Бунинг натижасида ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинида жамоат ташкилотлари вакиллари, шифокорлар, ҳуқуқшунослар, педагоглар иштирокида оилага кириш, саломатлик, таълим-тарбия, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, бандлик сектори фаолият олиб бормоқда. Бу оилалар, хотин-қизлар ва ёшлар билан боғлиқ долзарб масалаларни ўз вақтида ҳал этишда муҳим роль ўйнамоқда.

Шу билан бирга, қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникаларда тиббий маданиятни тарғиб этиш ишларини янада кучайтириш орқали аҳолининг ўз саломатлигига эътиборини ошириш муҳим аҳамиятга эга. Ушбу мақсадда қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларда нуронийлар, ҳомиладор аёллар, болалар ва ўсмирлар, аёллар ва қизлар, ўқув муассасалари кунлари белгиланиб, амалий тадбирлар, тиббий кўриклар, даволаш-маслаҳат, профилактика чоралари изчил амалга оширилмоқда.

Он-лайн мулоқотда бу йўналишда Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган ишлар атрофлича таҳлил этилди. Оналар ва болалар саломатлигини асраш, халқимизнинг тиббий маданиятини, ўз соғлиғига бўлган эътиборини кучайтириш юзасидан хотин-қизлар қўмиталари, маҳалла фаоллари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар, тиббиёт ходимлари масъулиятини ошириш, бу йўналишда давлат ва жамоат тузилмалари ўртасидаги ижтимоий ҳамкорликни янада кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова сўзга чиқди.

Манба : uza.uz