Тиббиёт ютуқлари намойиши
“Ўзэкспомарказ”да “Соғлиқни сақлаш – TIHE 2014”, “Фармацевтика саноати – AptekaExpo Central Asia 2014” ҳамда “Стоматология – Stomatology Uzbekistan 2014” халқаро кўргазмалари очилди.
Тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирликлари, Савдо-саноат палатаси, “Ўзфармсаноат” давлат акциядорлик концерни, “Ўзтибтехника” масъулияти чекланган жамияти, Стоматологлар уюшмаси билан ҳамкорликда “ITE Uzbekistan” халқаро кўргазма компанияси томонидан ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.Алимов ва бошқалар мамлакатимизда тиббиёт муассасаларини қуриш ва реконструкция қилиш, замонавий тиббий анжомлар билан таъминлаш борасидаги ишлар аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва мустаҳкамлашда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади. Хусусан, 2013 йилда соғлиқни сақлаш соҳасига йўналтирилган инвестициялар ҳажми 2010 йилга нисбатан 3,8 баробар ошди. Бунинг натижасида 295 тиббиёт объекти реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди, республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари юқори технологияларга асосланган ускуналар билан жиҳозланмоқда.
Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан Соғлом бола йили, деб эълон қилинган жорий йилда бу борадаги ишлар кўлами янада кенгаймоқда. “Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида тиббиёт муассасалари қуриш ва замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлаш, тиббий хизмат сифатини юксалтиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Юртимизда мунтазам ўтказиб келинаётган халқаро тиббиёт кўргазмалари тиббий-илмий янгиликлар ва технологиялар билан танишиш, соҳа мутахассисларининг ўзаро тажриба алмашиши учун имконият яратиш орқали соғлиқни сақлаш тизимини янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Бу йилги кўргазмаларда Австрия, АҚШ, Беларусь, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Жанубий Корея, Италия, Литва, Нидерландия, Польша, Россия, Словакия, Хитой, Чехия, Швейцария, Япония, Ҳиндистон каби йигирмадан ортиқ мамлакатдан бир юз элликка яқин компания ўз маҳсулотлари ва хизматлари билан иштирок этмоқда. Павильонларда замонавий ташхис аппаратлари, ортопедия, стоматология, имплантология ва жарроҳлик асбоб-анжомлари, дори-дармонлар намойиш қилинмоқда.
Кўргазмада илк марта иштирок этаётган Ҳиндистоннинг “Allengers” компанияси тиббиёт соҳасининг турли йўналишларида фойдаланиладиган рақамли радиография ва ангиография тизимлари, литотрипторлар, рентген аппаратлари каби техника ва технологияларини таклиф этмоқда. Дунёнинг кўплаб мамлакатларига ўз маҳсулотларини экспорт қиладиган мазкур компания ижрочи директори Ражинда Канварнинг айтишича, Ўзбекистонда яратилган қулай сармоявий муҳит ва кенг имкониятлар хорижлик ишбилармонларнинг мамлакатимиз билан ҳамкорликка бўлган қизиқишини кучайтирмоқда.
Кўргазма доирасида илк марта “Тиббиёт туризми” шўъбаси ҳам ташкил этилди. Унда “University Medical Center Freiburg” (Германия), “Kardiolita” (Литва) ва “Acibadem Hospitals Group” (Туркия) каби тиббиёт муассасалари соғломлаштириш хизматлари билан иштирок этмоқда.
Мамлакатимизда фармацевтика соҳасини ривожлантириш, мазкур тармоқ корхоналарининг ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, фармацевтика бозорини аҳоли талаб ва эҳтиёжларига мос, безарар ва самарали дори-дармонлар билан тўлдириш ҳамда экспорт салоҳиятини юксалтириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бундай саъй-ҳаракатлар самарасида мазкур соҳада фаолият юритувчи муассасалар сони тобора кўпайиб бораётир.
Ўзбекистонда 2000 йилдан буён иш юритаётган “Nobel Pharmsanoat” компанияси шулардан бири.
– Компаниямиз йилига 4,5 миллион донадан зиёд дори воситаси ишлаб чиқариш қувватига эга, – дейди ушбу компаниянинг реклама ва маркетинг департаменти директори Жаъфар Хақназаров. – Ўзбекистонда тиббиёт соҳаси, хусусан, фармацевтика ривожига қаратилаётган улкан эътибор компаниямизнинг муваффақиятли фаолият юритишида муҳим омил бўлмоқда. Бугунги кунда корхонамизда илғор технологиялар асосида юзга яқин номдаги дори воситаси ишлаб чиқарилмоқда. ISO 9001:2008 халқаро стандартига мос, юқори сифатли маҳсулотларимиз хорижий давлатларга ҳам экспорт қилинмоқда. Ушбу кўргазмаларда иштирок этиш орқали янги ҳамкорлар топиш, дориларимиз экспорти кўламини кенгайтириш ниятидамиз.
Ўзбекистонда стоматология соҳаси жаҳон тиббиёти ва илм-фани билан ҳамқадам ривожланмоқда. Беморларга тез ва малакали тиббий ёрдам кўрсатиш, тиш, милк, оғиз бўшлиғидаги нуқсонларни самарали даволаш имконияти кенгаймоқда. Стоматология клиникалари замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган. Аҳолига тиббий профилактика ёрдами кўрсатиш борасида қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларда ўтказилаётган тиббий кўриклар юқори самара бермоқда. Стоматология соҳасида халқаро тажрибани ўзлаштириш билан бирга аниқ ташхис қўйиш ва даволашнинг самарали усуллари амалиётга татбиқ этилмоқда.
– Ўзбекистонда стоматология соҳаси жаҳон андозалари даражасида ривожланганининг гувоҳи бўляпмиз, – дейди Хитойнинг “HST Stomatological Scientific and Educational” компанияси савдо менежери Гибсон Женг. – Бу жараёнда биз ҳам ўз маҳсулотларимиз билан иштирок этаётганимиздан мамнунмиз. Кўргазмада компаниямизда ишлаб чиқарилаётган стоматологик моделлар ва соҳага оид тиббий асбоб-ускуналаримизни намойиш қиляпмиз. Мақсадимиз Ўзбекистоннинг тиббиёт бозори билан яқиндан танишиш, бу ердаги талаб ва таклифларни ўрганиш, мамлакатингиз тиббиёт муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишдан иборат.
Кўргазмалар мамлакатимизга хориж сармоясини жалб этиш, фармацевтика, стоматология ва тиббиёт туризмини янада ривожлантириш, чет эллик шериклар билан ҳамкорликда қўшма корхоналар ташкил этиш, соҳага оид талаб ва таклифларни ўрганиш ҳамда товар айирбошлашни кенгайтиришга хизмат қилади.
Манба : uza.uz