UZ RU
17.04.2014

Соғлом бола – миллат келажаги

Урганчда соғлом бола тарбиясида миллий қадриятларнинг ўрни ва аҳамиятига бағишланган илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.

Хоразм вилояти ҳокимлиги, маданият ва спорт ишлари бошқармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши, вилоят адлия бошқармаси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда таълим муассасалари раҳбарлари, маҳалла фаоллари, имом-хатиблар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари бўйича қўмита раиси О.Юсупов, Республика Байналмилал маданият маркази директори Н.Муҳаммадиев ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида ёшларни эзгу ғоялар атрофида бирлаштириш, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, уларнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқариш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар юксак самаралар бераётганини таъкидлади.

– Барчамизнинг умумий уйимиз бўлган Ўзбекистонда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий барқарорлик халқимизнинг энг катта ютуғидир, – дейди вилоят рус миллий маданият маркази раиси Венера Салунина. – Жамиятимиздаги меҳр-оқибат, бағрикенглик, ҳамжиҳатлик каби олижаноб фазилатлар, миллий ва умумбашарий қадриятларга уйғун яшаш тамойилини аҳоли, айниқса, ёшлар онги ва қалбига сингдириш, юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элатларнинг тили, маданияти, урф-одатларини ривожлантириш, миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш асосий вазифамиздир.

Бугунги кунда Хоразм вилоятида ўттиздан ортиқ миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ, тинч-тотув яшаб, ягона Ватанимиз бўлган Ўзбекистон тараққиёти йўлида самарали меҳнат қилмоқда. Уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, таълим олиши, қизиқиш ва лаёқати бўйича касб-ҳунар эгаллаши, ўзига хос маданияти, дини, урф-одат ва анъаналарини сақлаш ҳамда ривожлантириш учун барча имкониятлар яратилган. Айни пайтда вилоятда рус тилида ўн битта, қозоқ ва туркман тилларида иккитадан умумтаълим мактаби фаолият юритмоқда. Бир неча тилда газета-журналлар чоп этилиб, радио ва теледастурлар эфирга узатилаётир.

Тадбир доирасида намойиш этилган “Биз – бир оила фарзандларимиз” кўргазмаси ва “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” ҳужжатли фильми иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Таниқли санъаткорлар иштирокидаги “Биз сенинг фарзандларингмиз, Ўзбекистон!” концерт дастури тадбир қатнашчиларига кўтаринки кайфият бағишлади.

Тадбирда Хоразм вилояти ҳокими П.Бобожонов сўзга чиқди.

Манба : uza.uz