UZ RU
24.04.2014

Гепатологиянинг долзарб муаммолари

Андижонда академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий маркази мутахассислари иштирокида “Режали хирургия таҳлили” мавзусида маҳорат дарслари ўтказилди.

Президентимиз раҳнамолигида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, илғор даволаш усуллари ва фан ютуқларини амалиётга жорий этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Тиббиёт тизими, хусусан, жарроҳлик соҳасидаги чора-тадбирлар юксак самаралар бераётир. Кейинги йилларда нафақат пойтахтимиз, балки вилоятларда ҳам турли мураккаб жарроҳлик операциялари муваффақиятли ўтказилаётгани бунинг тасдиғидир.

Андижон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан “Соғлом бола йили” Давлат дастури ижроси ҳамда “Саломатлик ҳафталиги” якунлари доирасида ташкил этилган тадбирда Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларидан етакчи хирурглар иштирок этди. Унда республика ихтисослаштирилган хирургия илмий маркази мутахассислари томонидан Фарғона водийси вилоятларида инсон кўкрак қафаси хасталиклари бўйича ўтказилган тиббий кўриклар ва шу жараёнда амалга оширилган мураккаб операциялар, уларнинг натижалари, соҳадаги мавжуд имкониятлар, ютуқ ва камчиликлар атрофлича таҳлил қилинди.

– “Саломатлик ҳафталиги” доирасида Фарғона водийси вилоятларида марказимиз ходимлари томонидан кўплаб беморлар тиббий кўрикдан ўтказилди, – дейди Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий маркази хирурги, тиббиёт фанлари доктори Шуҳратбек Худойберганов. – Олтита мураккаб жарроҳлик операцияси амалга оширилди. Бугунги маҳорат дарсини ўтказишдан мақсад ана шундай операцияларни бажарувчи мутахассисларнинг тажриба ва малакасини бойитишдир.

Тадбир давомида мутахассислар томонидан кўплаб маърузалар ўқилди. Кўкрак қафаси, қорин бўшлиғи хасталикларини ташхислаш ва жарроҳлик даво усулларини такомиллаштириш юзасидан зарур тавсия ва маслаҳатлар берилди, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоблар қайтарилди.

Манба : uza.uz