UZ RU
27.02.2014

Иллатдан ўзингизни асранг

Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, бугунги кунда дунёда ОИВ инфекциясидан холи бирор мамлакат қолмади. Юртимизда ана шу хавфнинг олдини олиш, унга қарши кураш самарадорлигини ошириш, аҳоли ўртасида тушунтириш ва тарғибот ишларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 23 сентябрда қабул қилинган “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.

Президентимизнинг 2008 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекциясининг тарқалишига қарши курашнинг самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Андижон вилояти ОИТСга қарши кураш маркази томонидан муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 5 январдаги “ОИТСга қарши кураш марказларининг ташкилий тузилмасини ва фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан вилоят ОИТСга қарши кураш маркази янги бино билан таъминланиб, замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди.

Вилоят ички ишлар, халқ таълими бошқармалари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши фаоллари ва фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими билан ҳамкорликда кенг кўламли тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Таълим муассасалари, корхона ва ташкилотларда ОИТСнинг келиб чиқиш сабаблари, тарқалиши, унинг олдини олишга қаратилган учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Адабиётлар, буклетлар тарқатилиб, кинофильмлар намойиш этилмоқда.

Умумтаълим мактабларининг соғлом турмуш тарзи фани ўқитувчилари ҳамда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати фаоллари билан ҳамкорликда касб-ҳунар коллежлари ва мактабларнинг юқори синф ўқувчиларига бу борада зарур маълумот ва билимлар берилмоқда.

Манба : gov.uz