Она ва бола саломатлиги – доимий эътиборда
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида мамлакатимизда оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири А.Алимов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар инсон манфаатларини таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофазалаш, ҳар томонлама соғлом, баркамол авлодни камолга етказишда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда “Соғлом она – соғлом бола” ғоясини ўзида мужассам этган мақсадли дастур асосида салмоқли ишлар амалга оширилаётир. Жойларда фаолият юритаётган қишлоқ врачлик пунктларидан ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларигача бўлган бўғинда халқимиз, хусусан, фертиль ёшидаги аёллар, болалар ва ўсмирларга юксак технологиялар асосида тиббий-профилактика, диагностика ва даволаш ёрдами кўрсатишнинг замонавий тизими яратилди. Она-бола скрининг хизмати, перинатал тиббиёт муассасалари тармоғи изчил ривожланаётир. Болаларни юқумли касалликларга қарши эмлаш замон талабларидан ва тиббиёт ютуқларидан келиб чиқиб, мунтазам такомиллаштирилмоқда.
Мамлакатимизда дунё тажрибасида илк бор ҳомиладор аёлларни таркибида шифобахш моддаси бўлган поливитаминлар билан таъминлаш амалиёти йўлга қўйилди. Бунинг натижасида туғруқ жараёнида ва ундан кейинги даврда аёл саломатлигига салбий таъсир этувчи асоратлар ва вазни кам болалар туғилишининг олдини олиш, оналар ва болаларнинг саломатлик кўрсаткичини яхшилашга эришилмоқда.
“Соғлом бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида оналар ва болаларга кўрсатилаётган тиббий ёрдамни такомиллаштиришга йўналтирилган кенг қамровли ишлар амалга оширилаётир. Жумладан, МДҲ мамлакатларида ўхшаши бўлмаган замонавий кўп тармоқли болалар марказини қуриш ва юқори технологик тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш режалаштирилган. Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази, Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникаси, вилоятлардаги кўп тармоқли болалар тиббиёт марказлари, туман тиббиёт бирлашмалари ва бошқа тиббий-ижтимоий муассасалар тубдан таъмирланиши, бир қатор янги иншоотлар барпо этилиши кўзда тутилган.
Мамлакатимизда тиббий-ижтимоий соҳада эришилаётган ютуқлар халқаро миқёсда ҳам кенг эътироф этилаётир. Яқинда оммавий ахборот воситалари орқали яна бир хушхабар эълон қилинди: Ўзбекистонда амалга оширилаётган “Соғлом бола йили” Давлат дастури БМТ томонидан расмий ҳужжат сифатида тарқатилди.
Тадбирда мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофазалаш борасида амалга оширилаётган ишлар, орттирилган илғор тажриба, эришилаётган натижалар, ечимини кутаётган долзарб вазифалар хусусида фикрлашилди.
Манба : uza.uz