UZ RU
12.04.2014

Соғлом бола – соғлом ва аҳил оиланинг меваси

Пойтахтимизнинг Миробод тумани тиббиёт бирлашмаси раҳбари ўринбосари Саодат Муродованинг олдига ҳар куни янги ҳаёт остонасида турган ўнлаб ёшлар ташриф буюради. Ана шундай бўлғуси жуфтликлардан бири Шаҳноза ва Расулбек шифокор қабулига киришга тараддуд кўрмоқда. Юзларида, кўзларида ёшларга хос шижоат, қувонч порлаб турган бу икки ёшнинг ўзини тутиши, ҳаракатлари, фикрлари уларнинг ҳар томонлама соғлом ва баркамоллигини ифодалайди.

Ёшлар ўз хоҳишларига кўра нафақат ирсиятга, балки репродуктив саломатликка таъсир этувчи омиллар юзасидан ҳам чуқур текширувдан ўтишди. Шифокор уларнинг тиббий варақаларини кўздан кечириб, барча таҳлиллар кўнгилдагидек эканини айтганида никоҳланувчиларнинг ҳар иккиси хурсандчиликдан бир-бирини табриклади. Ёшларга оқ йўл тилаб йўлга кузатаркан, шифокор бўлғуси куёвга “келинни эҳтиёт қилинг”, деди. Бу сўз замирида ётган маънони яхши уққан йигит “албатта эҳтиёт қиламан” деб жавоб қайтарди.

Дарҳақиқат, аёлни асраш, уни оғир меҳнат ва саломатлигига таъсир этувчи омиллардан халос этиш ота-боболаримиздан бизга мерос ўтган бебаҳо қадриятдир. Унинг замирида соғлом авлодни дунёга келтириш, ҳаёт бардавомлигини таъминлашдек эзгу мақсад мужассам.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида жамиятимизнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофазалаш, оилада, жамиятда тутган ўрнини юксалтиришга алоҳида эътибор берилаётир. Хусусан, оналик ва болаликни асраш, репродуктив саломатликка салбий таъсир этувчи омилларнинг олдини олиш, замонавий тиббий ёрдамни оилаларга яқинлаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Бугунги кунда касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олган афзал, деган қараш кенг ёйилмоқда. Бу дунёга келажак фарзанднинг саломатлиги учун янада муҳимдир. Зеро, оилада соғлом фарзанднинг дунёга келиши учун аввало ота-она соғлом, оила мустаҳкам бўлмоғи даркор.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори асосида никоҳланувчи ёшлар тўйдан олдин ирсиятга таъсир этувчи бешта касаллик бўйича мажбурий тиббий кўрикдан ўтиши белгиланган. ОИВ вируси, сил, гиёҳвандлик, руҳий ва тери-таносил хасталикларига оид тиббий текширувларни ўз вақтида, тез ва аниқ амалга ошириш учун жойлардаги кўп тармоқли марказий поликлиникаларда барча шароит яратилган. Бу жараёнда туман ва шаҳардаги тегишли диспансерлар билан ҳам узвий алоқалар йўлга қўйилган. Никоҳланувчи ёшлар икки ҳафта ичида бундай тиббий таҳлилларни топшириш ва уларнинг хулосаларини олиш имконига эга бўлмоқда.

Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида бу борада амалга оширилаётган ишларга баҳо бериб, ижобий натижалар билан бир қаторда инсоннинг ҳаёти, туғилажак фарзанднинг тақдирига бевосита дахлдор мазкур масалага баъзан масъулиятсизлик билан қараш, сохта ва юзаки хулосалар чиқариш каби ҳолатлар учраб турганини, бу борада тиббиёт ходимларининг масъулиятини ва жавобгарлигини ошириш лозимлигини таъкидлади.

Миробод тумани тиббиёт бирлашмаси томонидан “Соғлом бола йили” Давлат дастурида белгиланган устувор йўналишларнинг ижросини ўз вақтида таъминлаш мақсадида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.

Бу жараёнда никоҳланувчи ёшларни тўйдан олдин тиббий кўрикка тўла жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Янги оила барпо этиш арафасида турган ёшларимиз ФҲДЁ бўлимларининг йўлланмаси билан тегишли тартибда белгиланган йўналишлар бўйича тиббий текширувдан ўтмоқда. Бу ишларнинг натижалари юзасидан доимий мониторинг ва назорат юритиш тизими шакллантирилган.

Туман тиббиёт бирлашмасидан маълум қилишларича, жорий йилнинг биринчи чорагида икки юз йигирма нафар ёш ана шундай тиббий кўрикдан ўтказилган. Шундан икки ҳолатда ирсиятга салбий таъсир этувчи ҳолатлар аниқланди ва тегишли тартибда тушунтириш ишлари олиб борилди. Никоҳдан олдинги тиббий кўрикнинг аҳамияти, репродуктив саломатликка салбий таъсир этувчи омилларнинг олдини олиш юзасидан маҳаллалар, таълим масканларида, хонадонларда доимий тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Шифокорларнинг билим ва малакасини ҳамда масъулиятини ошириш мақсадида доимий ўқув-услубий семинар-тренинглар ташкил этилаётир.

Туманда фертиль ёшдаги аёллар, болалар ва ўсмирлар ҳамда кенг аҳоли қамраб олинган ҳолда саломатлик ҳафталиклари ўтказилмоқда. Болаларни юқумли касалликларга қарши эмлаш ишлари тизимли асосда ташкил этилаётир. Ногиронликнинг олдини олиш мақсадида неонатал ва перинатал скрининг ишлари ўз вақтида амалга оширилмоқда.

Тўйдан олдинги тиббий кўрикни ташкил этиш, ёшларнинг ўзи ва келажак насллари саломатлиги олдидаги масъулиятини юксалтиришда оила шифокори хизмати ва патронаж ҳамшираларнинг ўзига хос ўрни бор. Жойлардаги оилавий поликлиникаларда фаолият юритаётган бундай мутахассислар аҳоли орасида соғлом турмуш тарзи юзасидан доимий тарғибот юритмоқда. «Соғлом она – соғлом бола», «Репродуктив саломатлик ва ёшлар», «Соғлом фарзанд – соғлом оила меваси» каби мавзулардаги тарғибот ишларида ота-оналарга репродуктив саломатликка таъсир этувчи касалликлар, оилада соғлом фарзандни дунёга келтириш ва камолга етказишнинг муҳим омиллари хусусида атрофлича маълумот берилмоқда.

– Тиббий кўрик натижасида ирсиятга таъсир этувчи касалликлар аниқланган ҳолатда никоҳланувчи ёшларни ёнма-ён қўйиб суҳбат ўтказамиз, бу муаммонинг салбий жиҳатларини уларга тўла-тўкис тушунтирамиз, – дейди Миробод тумани ФҲДЁ мудири Гулбаҳор Қулматова. – Кўпчилик соғлом фикрли ёшлар бундай вазиятларда маслаҳатларимиздан тўғри хулоса чиқарадилар. Аммо бу масалада ақл-идрок билан иш тутмайдиган, ўзи ва келажак насллари тақдирини ўйламайдиганлар ҳам учраб туради. Бундай муаммоларнинг олдини олишда оилада тиббий маданиятни ошириш, фарзандларимизда болаликдан ўзи, яқинлари тақдири учун масъуллик ҳиссини кучайтириш, оилавий миллий қадриятларимизнинг мазмун-моҳиятини ёшларнинг онгига чуқур сингдириш муҳим вазифадир.

Ана шу йўналишдаги тадбирларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида мактаблар ва маҳаллаларда фаолият юритаётган «Ораста қизлар» тўгаракларида ўқувчи-ёшлар ўртасида ҳуқуқий, тиббий, маънавий-маърифий мавзуларда кўплаб мулоқотлар ташкил этилмоқда. Маҳаллаларда, хонадонларда соғлом оилани барпо этишнинг тиббий, ҳуқуқий, маънавий асосларига оид тарғибот ишлари мунтазам йўлга қўйилган.

Бундай кенг қамровли ишлар ўз самараларини бераётир. Янги ҳаёт остонасида турган аксарият ёшларимиз никоҳдан олдинги тиббий кўрикдан ўтишни ўзларининг келажак насллар олдидаги юксак бурчи ва вазифаси, янги барпо этилажак оиланинг мустаҳкам пойдевори деб қарамоқда. Ёшларнинг бундай эзгу интилишларини қўллаб-қувватлаш ва улар учун зарур шароитлар яратиш давлатимизнинг доимий эътиборида.

Президентимиз таъкидлаганидек, соғлом бола – соғлом ва аҳил оиланинг мевасидир. Мамлакатимизда шаклланган никоҳланувчиларни тўйдан олдин тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби ана шундай соғлом ва мустаҳкам оилани барпо этиш, оилаларда маънан ва жисмонан баркамол зурриёдларни дунёга келтириш, халқимизнинг бу борадаги беқиёс қадрият ва урф-одатлари бардавомлигини таъминлашнинг муҳим кафолати бўлаётир.

Манба : uza.uz