Аҳоли саломатлиги йўлида
Нукусда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятини такомиллаштириш масалаларига бағишланган республика семинари бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларнинг амбулатория-поликлиника хизмати бўйича бош мутахассислари, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари, қишлоқ врачлик пунктлари координаторлари ва мудирлари, оилавий поликлиникаларнинг бош шифокорлари, соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари А.Худоёров ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатадиган яхлит тизим шакллантирилиб, қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юксак самаралар бераётганини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг 2007 йил 2 октябрдаги “Республика тиббиёт муассасалари фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан Қорақалпоғистон Республикасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикасида 40 шифохона, 242 амбулатория-поликлиника муассасаси, шундан 191 қишлоқ врачлик пункти, 12 диспансер ва бошқа даволаш-профилактика масканлари аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида самарали фаолият олиб бормоқда.
Семинар иштирокчилари Кегейли туманидаги “Жузимбақ” ва Хўжайли туманидаги “Тоза база” қишлоқ врачлик пунктлари фаолияти билан танишди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Б.Янгибоев сўзга чиқди.
Манба : uza.uz