UZ RU
15.03.2014

Соғлом авлод камолоти йўлида

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг анжумани бўлиб ўтди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, фонднинг васийлик кенгаши ва бошқаруви аъзолари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан сайланган делегатлар иштирок этди.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди бошқаруви раиси С.Иномова ва бошқалар соғлом авлодни тарбиялаш, ёшларнинг баркамол ўсиб-улғайиши, истеъдоди ва салоҳиятини тўла рўёбга чиқариши учун ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишига айланганини таъкидлади.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 1993 йил 23 апрелдаги фармонига мувофиқ ташкил этилган “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этмоқда. Ушбу нодавлат тузилма тегишли давлат ва жамоат, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда соғлиқни сақлаш, гуманитар ёрдам, болалар спортини ривожлантириш, таълим каби соҳаларда кўплаб лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Фонднинг экологик ноқулай ҳудудларга “Саломатлик поездлари”ни ташкил этиш, туғма нуқсонли болаларни мамлакатимиз ва хорижий давлатлардаги нуфузли клиникаларда даволатишга оид лойиҳалари аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қисмини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни ҳимоялаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, болалар саломатлигини асрашда ўз самараларини бераётир. Маданият, санъат, спорт-соғломлаштириш йўналишидаги лойиҳалар иқтидорли ёшларни аниқлаш ва рағбатлантириш, ёшлар ўртасида оммавий спортни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Фонд томонидан “Она ва бола скрининги” давлат дастурида белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажаришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Республика скрининг маркази ва унинг жойлардаги тузилмалари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Фонднинг кам таъминланган оилаларни, ногиронлар ва тиббий-ижтимоий муҳофазага муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлашга оид гуманитар лойиҳалари ҳам кенгайиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 30 январдаги “Соғлом авлод учун” ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фондини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори асосида фонднинг ҳуқуқий мақоми янада ошиб, мақсад ва вазифалари миқёси кенгайди.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг 2013 йилдаги фаолияти якунлари таҳлил этилди, “Соғлом бола йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш билан боғлиқ вазифалар белгилаб олинди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова сўзга чиқди.

Манба : uza.uz