Ҳамжиҳатлик ва меҳр-оқибат ифодаси
Бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Наврўзолди умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилмоқда.
Шаҳару қишлоқларда, маҳаллалар, меҳнат жамоаларида эрта тонгдан ҳашарга чиққан юртдошларимиз ҳамжиҳат бўлиб, ҳовли-жойлар, кўп қаватли уйлар атрофи, кўча ва гузарлар, ариқ-зовурларни тозалаш, табаррук қадамжолар ва қабристонларни ободонлаштиришга киришди.
Ҳашар – халқимизнинг азалий қадриятларидан. Унинг замирида ўзаро меҳр-оқибат, хайр-саховат, ҳамжиҳатлик, инсонпарварлик, шукроналик, ободлик, бунёдкорлик каби эзгу ғоялар мужассам. Бундай қадриятлар бугунги кунда ҳам инсон камолоти ва жамиятимиз тараққиётига хизмат қилаётир.
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мустақиллик йилларида миллий урф-одатларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш жараёнида ушбу қадимий удумимиз янгича мазмун-моҳият касб этмоқда. Байрамларимиз арафасида умумхалқ ҳашари ўтказиш орқали юртимизнинг барча гўшаларини ободонлаштириш, боғлар, яшил ҳудудларни кенгайтириш ишлари амалга оширилаётир. Маҳаллаларда замонавий болалар ўйин майдончалари, спорт-соғломлаштириш масканлари барпо этилмоқда, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қисми ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 6 мартдаги фармойишига мувофиқ жорий йилнинг март-апрель ойларида мамлакатимизда эълон қилинган Ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ойлиги бу борадаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришда муҳим омил бўлаётир.
Ҳашар давомида тўпланган маиший чиқиндиларни ташиб кетиш учун техника ва транспорт воситалари жалб этилган.
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Тошкент шаҳар бўлимидан маълум қилишларича, пойтахтимиздаги маҳаллаларда байрам арафасида қатор савдо, спорт-соғломлаштириш, маиший хизмат кўрсатиш иншоотларини фойдаланишга топшириш кўзда тутилган.
– Маҳалламизда йирик спорт мажмуаси барпо этилмоқда, – дейди Ҳамза тумани “Катта Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Комил Зиёмуҳамедов. – Наврўз арафасида фойдаланишга топшириладиган ушбу иншоотнинг сўнгги пардозлаш ишларида ҳашарчилар ҳам фаол иштирок этаётир. Мазкур мажмуада биттадан очиқ ва ёпиқ стадион, спорт зали бор. Келгусида бу ерда спортнинг турли йўналишлари бўйича тўгараклар фаолияти йўлга қўйилади. Фарзандларимиз дарсдан бўш вақтларида спортга жалб этилади.
Ҳашар муносабати билан жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида жойларда қатор экологик акциялар ташкил этилмоқда. Ўзбекистон Экологик ҳаракати ва “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳамкорлигида пойтахтимиздаги “Анҳор” канали ва унга туташ ҳудудларда экоҳашар уюштирилди. Унда депутатлар, Экоҳаракат, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ва маҳалла фаоллари, санъаткорлар, ёшлар иштирок этди.
Ушбу тадбирдан мақсад ёшларда экологик маданиятни юксалтириш, истироҳат боғлари, дам олиш масканлари ва бошқа жамоат жойларида озодаликни таъминлаш, теварак-атроф мусаффолигини сақлашдан иборат.
Жойларда “Юртимни обод этаман” акцияси доирасида “Ҳар бир ёшга бир ниҳол” лойиҳаси, қабристонлар ва зиёратгоҳларни ободонлаштириш тадбирлари амалга оширилмоқда.
Манба : uza.uz