Ижтимоий муҳофаза тизими мустаҳкамланмоқда
“Ўзбекинвест” экспорт-импорт миллий суғурта компанияси аҳоли учун янги “Соғлом бола”, “Она ва бола” ва “Меҳрибон ота-оналар” суғурта турларини жорий қилди.
Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган матбуот анжуманида шу ҳақда маълум қилинди. Анжуманда “Ўзбекинвест” экспорт-импорт миллий суғурта компанияси ва унинг ихтисослаштирилган шўъба корхоналари вакиллари, Тошкент молия институти ўқитувчилари ва журналистлар иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, “Ўзбекинвест” суғурта компанияси 100 турдан ортиқ суғурта хизматини тақдим этмоқда. Улар орасида инсон ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкини суғурталаш алоҳида аҳамиятга эга. Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида бахтсиз ҳодисалар, юқумли касалликлар ва бошқа ҳолатлардан суғурта турлари жорий этилмоқда. 2013 йилда ушбу рўйхатга “Менинг оилам”, “Менинг уйим”, “Менинг автомобилим”, “Менинг соғлиғим” каби янги суғурта турлари ҳам киритилди. Аҳоли кенг қатламлари суғурта полисларини олиш учун ҳужжатни расмийлаштириш механизмининг соддалаштирилгани ва тариф ставкалари пасайтирилгани туфайли ушбу суғурта турларидан қулай фойдаланиши мумкин.
“Ўзбекинвест” экспорт-импорт миллий суғурта компанияси янги суғурта маҳсулотларини жорий этиш орқали “Соғлом бола йили” Давлат дастурининг амалга оширилишида фаол иштирок этмоқда. Масалан, “Соғлом бола” суғурта полиси 3 ёшдан 14 ёшгача бўлган ўғил-қизларнинг юқумли касалликлардан суғурта ҳимоясини таъминлайди. “Она ва бола” суғурта полиси она ва боланинг касалхонада даволаниш харажатларини қоплайди. “Меҳрибон ота-оналар” суғурта тури эса спорт тўгаракларида шуғулланадиган болаларни муҳофаза қилишни кафолатлайди.
Матбуот анжуманида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ишбилармонларнинг мулк ва шахсий манфаатларини ҳимоя қилиш “Ўзбекинвест” экспорт-импорт миллий суғурта компаниясининг устувор вазифаларидан экани таъкидланди. Компания ушбу мақсадда Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ва Савдо-саноат палатаси билан фаол ҳамкорлик қилмоқда. Жорий йилда тадбиркорлик фаолиятини суғурталаш бўйича хизмат турлари ва ҳажми кенгайтирилиб, ушбу соҳа вакилларининг истаклари инобатга олинган ҳолда амалдаги суғурта турлари модернизация қилинади.
Манба : gov.uz