UZ RU
18.03.2014

Ҳафталик самарали ўтди

Жиззах вилоятида “Соғлом бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” шиори остида саломатлик ҳафталиги ташкил этилди. Унда илмий-текшириш ва тиббиёт институтларининг етакчи олимлари, вилоятдаги ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг шифокорлари аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказди.

Президентимиз раҳнамолигида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, айниқса, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юксак самаралар бермоқда. Мазкур ҳафаталик ҳам бу борадаги алоҳида эътибор ва ғамхўрликнинг амалдаги ифодасидир.

Терапевт, кардиолог, жарроҳ, невропатолог, офтальмолог, уролог, болалар ва аёллар шифокорларидан иборат гуруҳ аъзолари вилоятнинг энг чекка ҳудудларида ҳам бўлишди. Болалар ва аёллар, тибиёт муассасаларига бориш имконияти чекланган беморларга алоҳида эътибор қаратилди.

Мирзачўл туманида тўрт юз нафардан зиёд аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Туман тиббиёт бирлашмаси поликлиникаси ва марказий шифохонаси электрокардиограф, ультратовуш ташхиси каби замонавий ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, беморларни малакали кўрикдан ўтказиш учун барча қулайликлар яратилган.

– Кўрик давомида туман шифокорлари пойтахтдан келган ҳамкасбларидан тажриба ўрганиб, малакасини ошириш имкониятига эга бўлди, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Пўлат Бобоев. – Шунингдек, мутахассислар иштирокида аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, соғлом турмуш тарзи, репродуктив саломатлик, оила ва никоҳ масалаларига бағишланган учрашув ва давра суҳбатлари ҳам ташкил этилди.

Манба : uza.uz