Тиббий кўрик – саломатлик омили
Бухорода “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” шиори остида саломатлик ҳафталиги ўтказилмоқда.
“Соғлом бола йили” Давлат дастури ижроси юзасидан ташкил этилган ҳафталикда Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, илмий-текшириш институтлари ва Тошкент давлат тиббиёт академияси шифокор-олимлари аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказмоқда.
Кардиолог, педиатр, гинеколог, нейрохирург, терапевт, офтальмолог каби мутахассислардан иборатшифокорлар гуруҳи Ромитан тумани марказий поликлиникасида беморларни замонавий тиббий аппаратлар ёрдамида текшириб, тегишли маслаҳат ва тавсиялар берди.
– Юрагим безовта қилади, – дейди пешкулик Зайниддин Гадоев. – Пойтахтга бориб даволанмоқчи бўлиб юргандим. Тошкентдан келган тажрибали кардиологлар тиббий кўрикдан ўтказаётганини эшитиб, хурсанд бўлдим. Оворагарчиликка ҳожат қолмади. Шу ернинг ўзида аниқ ташхис қўйишди ва зарур маслаҳатларни олдим.
– Уч кун давомида туманлар марказлари, олис қишлоқлардан олти минг нафарга яқин болалар, аёллар, ёшлар ва қариялар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жамшид Тоҳиров. – Мутахассислар томонидан хасталик даражасига қараб керакли муолажа ва тавсиялар берилди.
Касалликларни эрта аниқлаш, даволаш самарадорлигини оширишга хизмат қиладиган тиббий кўрикда пойтахтдан келган таниқли мутахассислар билан ёнма-ён иш олиб бориш бухоролик шифокорларга ўзига хос тажриба ва маҳорат мактаби ҳам бўлмоқда.
Манба : uza.uz