Соғлом фарзанд – соғлом оила меваси
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1-Тошкент педагогика коллежида қатор давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорлигида Соғлом бола йилига бағишлаб “Соғлом бола камолотининг асоси” мавзусида анжуман ташкил этилди.
Унда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, ички ишлар идоралари, Чилонзор тумани ФҲДЁ бўлими ходимлари, маҳалла оқсоқоллари, ота-оналар, ўқувчилар иштирок этди.
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида оила институтини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, айниқса, ёш оилаларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, шу орқали соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Зеро, соғлом фарзанд маънан соғлом оилада дунёга келади. Бироқ ўткинчи ҳавасларга учиб, ёшларнинг эрта турмуш қуриши жамиятнинг асосий бўғини саналган оила учун жиддий муаммоларни келтириб чиқаради. Ана шундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида адлия органлари томонидан таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари, хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда жойларда “Эрта турмушнинг салбий оқибатлари”, “Оила ва никоҳ”, “Соғлом оилада соғлом фарзанд”, “Соғлом турмуш асослари”, “Соғлом авлод келажаги”, “Саломатлик дарслари” каби тадбирлар ташкил этилмоқда.
Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимлари қошида ташкил этилган “Ёш оила қурувчилар мактаби” машғулотлари соғлом оилани шакллантириш жараёнида муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу машғулотларда шифокорлар, ҳуқуқшунослар, маҳалла фаоллари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вакиллари ёшларга никоҳгача тиббий кўрикдан ўтишнинг аҳамияти, қариндошлар ўртасидаги ва эрта никоҳнинг салбий оқибатлари, соғлом турмуш тарзи бўйича зарур маълумотларни бермоқда. Хусусан, ўтган йили адлия органлари томонидан ўтказилган “Ёш оила қурувчилар мактаби”нинг машғулотларида қарийб 600 мингга яқин йигит-қиз иштирок этди.
Тадбирда “Соғлом бола йили” Давлат дастурида ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом, мустақил фикрлайдиган, юксак интеллектуал салоҳиятли, чуқур билим ва замонавий дунёқарашга эга, мамлакат тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир баркамол авлодни шакллантириш, давлат ва жамиятнинг барча куч ва имкониятларини ана шу мақсадларга сафарбар этишга доир кенг миқёсли чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилгани таъкидланди. Ёшларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, уларнинг жамиятда муносиб ўрин топишига кўмаклашиш, ёш оилаларнинг мустаҳкамлигини таъминлашда барчанинг масъул экани қайд этилди.
Манба : uza.uz