Барча меҳр ва эътиборда
Самарқанд вилоятида “Соғлом бола йили” Давлат дастури ижроси юзасидан саломатлик ҳафталиги ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” шиори остида ташкил этилган тадбир доирасида пойтахтимиз ва вилоятдаги ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, илмий-текшириш ва тиббиёт институтларининг етакчи олимлари, юқори малакали шифокорлари чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказмоқда.
– Ҳафталик давомида биринчи навбатда ихтисослаштирилган тиббий ёрдамга муҳтож беморлар, ногиронларни кўрикдан ўтказиш кўзда тутилган, – дейди Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Азиз Жўраев. – Шу боис тадбир бошлангунга қадар беморлар рўйхати шакллантирилиб, уларни тиббий кўрикдан ўтказиш учун барча шароит ва имкониятлар яратилди. Бундан ташқари, кенг аҳоли қатлами вакиллари ҳам мутахассислардан ўз саломатликлари бўйича тегишли маслаҳатлар олмоқда.
– Тез-тез қон босимим ошиб, ўзимни беҳузур сезаман, – дейди Жомбой тумани Ғазира маҳалласида яшовчи Мавлуда Эржигитова. – Бугунги кўрикда бир неча мутахассис назоратидан ўтиб, хасталигимнинг асосий сабабларини билиб олдим. Улар касаллигимга аниқ ташхис қўйиб, даво муолажалари тайинладилар.
Ҳафталик доирасида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи юзасидан тушунтириш-тарғибот ишлари ҳам олиб борилмоқда.
Манба : uza.uz