Инглиз тилида видеоконференция
Андижон давлат тиббиёт институтида “Тиббиётнинг долзарб муаммолари” мавзусида инглиз тилида илмий-амалий видеоконференция бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўтказилган видеоконференцияда Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент педиатрия тиббиёт институти ва унинг Нукус филиали ҳамда Андижон, Бухоро, Самарқанд тиббиёт институтлари профессор-ўқитувчилари, ёш олимлар ва иқтидорли талабалар иштирок этди.
Тадбирда Президентимиз раҳнамолигида аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом фарзандларни дунёга келтириш борасидаги ишлар самарадорлигини янада ошириш, ёш олимлар, иқтидорли талабаларнинг илмий изланишларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг илмий салоҳиятини янада юксалтириш масалаларига бағишланган маърузалар тингланди.
– Видеоконференцияда илмий тадқиқотларимиз ҳақида турли олий ўқув юртларида таҳсил олаётган тенгдошларимиз билан инглиз тилида фикр алмашиш имконига эга бўлдик, – дейди Андижон давлат тиббиёт институти талабаси Аҳрорбек Адашалиев. – Бу инглиз тили бўйича малакамизни янада оширишга ҳам ёрдам берди.
Мазкур тадбир тиббиёт йўналишидаги олий ўқув юртлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ёш олимлар ва иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг интелектуал салоҳиятини юксалтириш, айниқса, инглиз тилига қизиқишларини янада оширишга хизмат қилди.
Манба : uza.uz