Тараққиётнинг муҳим омили
Президентимиз Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан давлат ва жамият қурилиши тизимида кенг фойдаланиш, шунингдек, миллий ахборот маконини изчил ривожлантиришни таъминлашга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни амалга ошириш лозимлиги алоҳида қайд этилган.
Мамлакатимизда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги миллий қонунчилик халқаро ҳуқуқ меъёрлари ҳисобга олинган ҳолда мунтазам такомиллаштириб борилмоқда. Бу айни пайтда муаллифлик ва бошқа турдош ҳуқуқлар, электрон имзо, тижорат, тўловлар, ҳужжат айланиши соҳасидаги муносабатларни тартибга солишда муҳим омил бўлаётир.
Кейинги йилларда ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланиб, янги техника ва технологиялар жорий этилмоқда. “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси Қашқадарё филиали томонидан ҳам бу борада салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2013 йилда корхона, ташкилот ва муассасалар ҳамда аҳолига қарийб 10 миллиард 660 миллион сўмлик телекоммуникация хизматлари кўрсатилди.
– Вилоят ҳудудидан ўтадиган халқаро магистраль ва ички алоқа линияларининг узлуксиз ишлаши ва хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси телекоммуникация транспорт тармоғи филиали 8-боғламаси директори Ўктам Турсунов. – Шаҳрисабз, Китоб, Қамаши, Яккабоғ, Чироқчи телекоммуникация боғламалари Алкатель станцияси абонентларининг янги MSAN станцияларига кўчирилиши натижасида бўшаган магистраль кабеллар ҳисобидан капитал таъмирланди. Маҳаллий тармоқдаги алоқа линиялари, яъни тарқатиш шкафлари, абонент линиялари, шунингдек, ҳаво алоқа линияларида жорий таъмирлаш ишлари бажарилди. Тизимда амалга оширилаётган “Электрон таълим” лойиҳаси доирасида 2013 йилда Деҳқонобод тиббиёт, Китоб ижтимоий-иқтисодиёт, Миришкор маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежларига оптик толали алоқа линиялари ётқизилди.
Филиалда кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиалининг 13, касб-ҳунар коллежларининг 23 нафар битирувчиси ишлаб чиқариш жараёнида фаол иштирок этмоқда. Яккабоғ ва Қамаши ахборот технологиялари коллежларининг 350 дан ортиқ ўқувчиси ишлаб чиқариш амалиётини бевосита телекоммуникация боғламаларида ўташи йўлга қўйилган.
Бугунги кунда вилоят корхона ва ташкилотлари фаолиятини ахборотлаштириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш мақсадида электрон ҳужжат алмашинуви ҳамда электрон рақамли имзолаш тизимидан кенг фойдаланилмоқда. Бошқарув тизимини такомиллаштириш, маҳаллий ва тармоқлараро масалаларни тезкорлик билан ҳал этиш учун энг янги дастурлар ва ишланмалар, давлат ва идоралар томонидан интерфаол хизматлар амалиётга жорий қилинмоқда.
Манба : uza.uz