UZ RU
04.03.2014

Ҳар бир фарзандга бир туп кўчат

Мамлакатимизнинг шаҳар ва қишлоқлари, кўча ва хиёбонларида баҳорги ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Ҳар бир юртдошимиз ўз ҳовлиси, маҳалласида эзгу ниятлар билан кўчат ўтқазиш, ҳудудларимизни боғу бўстонга айлантиришга киришган. Соғлом бола йилида “Ҳар бир фарзанд учун бир туп кўчат” ташаббуси асосида иш олиб борилаётгани эътиборлидир.

Ушбу хайрли ишга Самарқанд вилоятидаги ўрмон хўжаликлари ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. Бу йилги мавсум учун туманлардаги ўрмон хўжаликлари ва ишлаб чиқариш участкаларида бир миллион 907 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчати тайёрланди.

– Кўчат тайёрлашда нафақат Самарқанд, балки қўшни вилоятлар ер, тупроқ, иқлим, сув шароити ҳам ҳисобга олинди, – дейди Самарқанд марказий ўрмон хўжалиги бош инспектори Ғолиб Неъматов. – Чунки юртимизнинг бошқа ҳудудларидан ҳам кўчатга буюртма олганмиз. Айни пайтда ободонлаштириш идоралари, агрофирма ва фермер хўжаликлари билан тузилган шартномалар асосида уларга қрим қарағайи, каштан, япон сафораси, арча, терак, можжевельник каби манзарали, олма, ўрик, шафтоли, олча сингари мевали дарахт кўчатлари етказиб берилмоқда. Ходимларимиз кўчат етиштириш билан бирга, уни экиш ва парваришлаш бўйича ҳам фермер хўжаликлари, боғбонларга амалий ёрдам кўрсатмоқда.

Аҳоли, корхона ва ташкилотларга қулайлик яратиш мақсадида вилоят ҳудудидан ўтувчи катта йўл ёқаларининг 12 жойида ўттиз турдаги мевали ва манзарали дарахт кўчатлари савдоси йўлга қўйилди.

Наврўз байрами арафасида бундай хайрли, эзгу ишларни амалга ошириш халқимизнинг қадимий анъаналаридандир. Истиқлол йилларида бу анъаналар янгича мазмун билан бойиб, замонавий тус олгани янада хайрлидир. Бинобарин, бугун яхши ният билан экилган кўчат неча-неча авлодларга хизмат қилажак.

Манба : uza.uz