UZ RU
03.03.2014

Қонунчилик ва соғлом бола

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмиталари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши ҳамкорлигида “Ўзбекистонда ёшларга оид қонунчилик ва соғлом бола” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Унда депутатлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, иқтидорли талаба-ёшлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси А.Саидов, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши бошқаруви раиси Б.Ғаниев ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида навқирон авлоднинг камолоти ҳақида улкан ғамхўрлик ва эътибор кўрсатиш, уларга жаҳон андозалари даражасида билим бериш, ёшларни буюк аждодларимизга муносиб ворислар этиб вояга етказиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ўзининг юксак самарасини бераётганини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, “Таълим тўғрисида”, “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”, “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги қонунлари ва бошқа ҳужжатлар ёшларимизнинг интеллектуал салоҳиятли ҳамда теран тафаккур соҳиблари бўлиб вояга етишида муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда.

Мамлакатимизда ижтимоий йўналтирилган давлат дастурларининг ҳаётга изчил татбиқ этилиши йигит-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, уларни 12 йиллик узлуксиз таълим билан тўлиқ қамраб олиш, қизиқиши ва иқтидори бўйича касб-ҳунарга йўналтириш, истеъдоди ва қобилиятини ўз вақтида аниқлаш ва юзага чиқариш, ёшларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш имконини бермоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва жорий йил 19 февралда қабул қилинган “Соғлом бола йили” Давлат дастури тўғрисида”ги қарорлари бу йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтариши шубҳасиз. Айни пайтда жамиятимизда маънавият ва маърифатни янада юксалтириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя йўналишларида ислоҳотларни тобора такомиллаштириш масаласи доимий эътиборда бўлиб келмоқда.

– Мамлакатимизда ёшларга кўрсатилаётган доимий ғамхўрлик ва эътиборни ҳаётимизда, истеъдодимизни юзага чиқариш жараёнида доимо ҳис этмоқдамиз, – дейди Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори, Наманган давлат университети қошидаги академик лицей ўқувчиси Меҳриноз Аббосова. – Билдирилган бундай юксак ишончга аъло ўқиш, масъулиятни ҳис қилиш, ижтимоий фаоллигимиз билан жавоб бериш фарзандлик бурчимиздир.

Давра суҳбатида мамлакатимизда ёшларга оид миллий қонунчилик, баркамол авлод келажаги йўлидаги эзгу ишларнинг мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича сўз юритилди.

Манба : gov.uz