Шифокорлар ҳамкорлиги аҳоли саломатлигига хизмат қилмоқда
Мамлакатимизда оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилишга, замонавий тиббий хизмат кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан жорий йилнинг Соғлом бола йили, деб эълон қилиниши бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилаётир.
Давлат ва жамоат ташкилотларининг фаол ҳамкорлиги бу борадаги ишларни самарали амалга оширишда муҳим омил бўлмоқда. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси ва Корея Республикасининг “Ewha Womans University” госпитали ҳамкорлигида ташкил этилган тиббий кўрик бунга мисолдир.
Кардиолог, уролог, педиатр, офтальмолог, жарроҳ ва фармацевтлардан иборат Жанубий кореялик шифокорлар ўзбекистонлик ҳамкасблари билан биргаликда Тошкент шаҳри ва вилоятида тўрт юз нафардан зиёд беморни бепул тиббий кўрикдан ўтказди. Жарроҳлик операциялари амалга оширилди.
– Тиббий кўрик давомида беморларнинг ҳолати чуқур таҳлил қилиниб, аниқ ташхислар қўйилди, – дейди “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармасининг тиббий-ижтимоий маркази раҳбари Ҳотам Ризаев. – Улар Жанубий Кореядан келтирилган зарур дори-дармонлар ва санитария-гигиена воситалари билан ҳам таъминланди. Бу каби хайрия тадбирларининг мунтазам ўтказилиши аҳоли саломатлигини янада мустаҳкамлашга, оилаларда тиббий маданиятни юксалтириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, шунингдек, соҳада икки томонлама тажриба алмашишга хизмат қилмоқда.
Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи Умида Саъдуллаеванинг икки фарзанди тиббий кўрикдан ўтиб, муолажа учун зарур дори воситалари билан таъминланди.
– Иккала фарзандим ҳам сурункали тонзиллит (ангина) хасталиги билан оғрийди, – дейди У.Саъдуллаева. – Жанубий Кореядан ташриф буюрган малакали мутахассислар касалликни даволаш бўйича зарур маслаҳат ва тавсиялар беришди. Бундай улкан эътибор ва ғамхўрликдан беҳад миннатдормиз.
– Президент Ислом Каримов томонидан 2014 йил Ўзбекистонда Соғлом бола йили, деб эълон қилингани диққатга сазовор, – дейди “Ewha Womans University” госпитали профессори, шифокор Ву Сук Чунг. – Зотан, мамлакат тараққиётининг асоси соғлом авлоддир. Ўзбекистонда тиббий хизмат жаҳон андозалари даражасига кўтарилгани, шифохоналарда замонавий шароитлар яратилганига гувоҳ бўлдик. Бу аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилаётган улкан эътиборнинг амалий ифодасидир.
Манба : uza.uz