UZ RU
27.02.2014

Тиббиёт соҳасида самарали ҳамкорлик

Корея Республикасининг Ёнсей университети қошидаги “Severance” госпитали шифокорлари юртимиз соҳа мутахассислари билан ҳамкорликда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармасининг тиббий-ижтимоий марказида вояга етмаган болаларни умумий чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказмоқда.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ёш авлодни соғлом ва баркамол этиб вояга етказиш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий йилнинг Соғлом бола йили деб эълон қилиниши бу борадаги хайрли ишлар кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилаётир.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси томонидан хорижий тиббиёт муассасалари билан ҳамкорликда ўтказилаётган тиббий кўрик ва муолажалар болалар саломатлигини янада мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашишда муҳим омил бўлмоқда.

Ёнсей университети қошидаги “Severance” госпитали билан ҳамкорликда ташкил этилган навбатдаги ана шундай тадбир доирасида малакали педиатр, кардиолог, нейрохирург, терапевт, радиолог, офтальмолог ва бошқа мутахассислар болаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказмоқда.

– Муассасамиз Ўзбекистон билан фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда, – дейди “Severance” госпитали директори Донг Су Ким. – Юртингизга бундан 15 йил аввал ҳам келган эдим. Бу даврда Ўзбекистон таниб бўлмас даражада ривожланибди. Мамлакатингизда оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳоли тиббий маданиятини юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани диққатга сазовор. Замонавий технологиялар билан жиҳозланган тиббиёт марказлари аҳолининг барча қатламларини тўла қамраб олган. Биз оналик ва болаликни муҳофазалашдек хайрли ишга ҳисса қўшаётганимиздан мамнунмиз. Ўзбекистонга ташрифимиз бу борадаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан ўзаро фикр ва тажриба алмашиш учун яхши имконият яратади.

Жанубий кореялик малакали мутахассислар “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармасининг тиббий-ижтимоий маркази ҳамда Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги болалар шифохонасида кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказади. Мамлакатимиз тиббиёт ходимлари ва талабалар билан суҳбатлар ўтказилиб, ўзаро тажриба алмашилади.

Манба : uza.uz